Контрафакт дори воситалари савдосига чек қўйилди
Аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдирувчи контрафакт ва сифати кафолатланмаган дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича Бухоро вилоятида тизимли чора-тадбирлар давом этмоқда. Навбатдаги тезкор тадбир натижасида катта миқдордаги қалбаки дори воситалари муомаладан чиқарилиб, уларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланган шахс фош этилди.
Бухоро вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Миллий гвардия билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида контрафакт дори воситаларининг ноқонуний савдоси билан боғлиқ ҳолат аниқланди.

Тадбир жараёнида назорат остига олинган фуқаро Бухоро шаҳридаги хусусий дорихоналардан бири яқинида ҳеч қандай тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган икки қути “Buserelin-Depo” номли контрафакт дори воситасини 2 миллион 900 минг сўм эвазига шартли харидорга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан мазкур фуқаро фаолияти билан боғлиқ бўлган дорихона холислар иштирокида кўздан кечирилди. Текширув натижасида савдо шохобчасида тегишли ҳужжатларсиз сақланаётган ва сотувга тайёрланган умумий қиймати 508 миллион сўмлик 121 турдаги 13 минг 641 дона контрафакт дори воситалари мавжудлиги аниқланди.

Мутахассислар таъкидлашича, бундай дори воситаларининг назоратсиз тарзда аҳолига сотилиши инсон саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Шу боис уларнинг ноқонуний айланмасини барвақт аниқлаш ва олдини олиш давлат органларининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Маълум қилинишича, жорий йил бошидан буён Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан 26 та ҳолатда қиймати 8 миллиард 860 миллион сўмлик контрафакт дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган. Бу эса соҳада назорат тадбирлари изчил кучайтирилаётганидан далолат беради.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ноқонуний муомаладан чиқарилган дори воситаларининг келиб чиқиш манбалари, уларни етказиб бериш ва реализация қилиш билан боғлиқ барча ҳолатлар атрофлича ўрганилиб, қонунчилик доирасида ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.

Контрафакт дори воситаларига қарши курашиш нафақат иқтисодий жиноятларнинг олдини олиш, балки аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу каби тезкор тадбирлар орқали фуқароларни хавфли ва сифати кафолатланмаган дори воситаларидан ҳимоя қилишга хизмат қилинмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири