Контрафакт дори воситалари савдосига чек қўйилди
Бухоро вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вакиллари билан ҳамкорликда Вобкент туманида тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбирда назорат остига олинган дорихоналардан бирида фармацевт ходим тегишли ҳужжатларсиз, келиб чиқиши номаълум ҳамда сифати тасдиқланмаган дори воситаларини шартли харидорга сотиш жараёнида қўлга олинди.

Шундан сўнг дорихона холислар иштирокида атрофлича кўздан кечирилди. Текширув жараёнида умумий қиймати қарийб 48 миллион сўм бўлган 44 турдаги, жами 1849 дона дори воситалари кирим ҳужжатларисиз ҳамда сифати кафолатланмаган ҳолда сақланаётгани аниқланди.

Ҳозирги вақтда аниқланган барча дори воситалари вақтинча сақловга олинган бўлиб, ҳолат юзасидан белгиланган тартибда процессуал текширув ишлари олиб борилмоқда. Қонунбузарликка йўл қўйган шахсларга нисбатан тегишли ҳуқуқий чоралар кўрилиши белгиланган.

Бу каби назорат тадбирлари аҳолига етказилаётган дори воситаларининг хавфсизлиги ва сифатини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.