Конституциявий суд қарорлари асосида суд ишларини қайта кўриш тартиби белгиланмоқда
Янги таҳрирдаги Конституциямиз билан фуқаролар ва юридик шахсларнинг муайян ишда ўзларига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланди. Шунингдек, судлар ташаббуси билан Олий суд орқали Конституциявий судга мурожаат қилишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб қўйилди.
Парламент қуйи палатаси мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилган “Фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини Конституциявий суд томонидан ҳимоя қилинишининг такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мазкур конституциявий янгиликларни амалда тўлиқ рўёбга чиқариш, Конституциявий суд қарорларининг суд амалиётида самарали ижросини таъминлаш ҳамда бузилган ҳуқуқларни тиклашнинг аниқ процессуал механизмларини жорий этишга қаратилган.
Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасига кўра, судлар ташаббуси билан Олий суд томонидан муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги масаласи юзасидан Конституциявий судга мурожаат киритилганда, тегишли иш юритувини тўхтатиш белгиланмоқда.

Шунингдек, Конституциявий суд муайян ишда қўлланилган қонунни Конституцияга мувофиқ эмас деб топган тақдирда суд ҳужжатларини қайта кўриб чиқишнинг мустақил процессуал асосини белгилаш назарда тутилмоқда.
Конституциявий суд қарорлари асосида суд ишларини қайта кўриш ва иш юритишни қайтадан бошлаш тартиби аниқ белгиланмоқда.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши суд амалиётида ҳуқуқий аниқликни таъминлайди, бузилган конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларни тиклаш имкониятларини кенгайтиради, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этади
М.Комилова,
ЎзА