Конституциявий суд мажлисида Адвокатурага оид қонунга доир масала кўрилди
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг “Адвокатура тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддаси учинчи қисми бешинчи хатбошисини Конституциянинг 29, 65 ва 141-моддаларига мувофиқлигини аниқлаш ҳақидаги масала муҳокама қилинди.
Конституциявий суд раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов раислик қилган мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Омбудсман, Болалар омбудсмани, Бизнес омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази, Олий суд, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Одил судлов академияси, Тошкент давлат юридик университети вакиллари, шунингдек Конституциявий суд ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
[gallery-29884]
Конституциявий суд судьяси А.Раҳимов ўз маърузасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ мурожаатининг моҳияти, иш кўрилишига сабаб бўлган ҳолатлар юзасидан мажлис иштирокчиларига маълумот берди.
Мурожаатда баён этилганидек, “Адвокатура тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддаси 3-қисмига кўра, адвокат қуйидагилардан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмас: илмий ва педагогик фаолият; Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасидаги (бундан буён матнда Адвокатлар палатаси деб юритилади) ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги фаолият; патент вакили ва медиатор сифатидаги фаолият; шартномавий-ҳуқуқий асосда давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, давлат муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатидаги фаолият; ҳакамлик судларида ва халқаро тижорат арбитражлари (судлари)да судья сифатидаги фаолият; суд бошқарувчиси сифатидаги фаолият (фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишни амалга ошириш бўйича адвокатлик фаолияти учун лицензия олган адвокатлар учун).
Лекин, кўрсатилган нормада адвокатни тадбиркорлик субъектлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан шартномавий-ҳуқуқий асосда уларнинг юридик хизмати ходими сифатидаги фаолияти назарда тутилмаган.
Миллий марказнинг фикрича, “Адвокатура тўғрисида”ги қонун 3-моддаси 3-қисмининг бешинчи хатбошисини Конституцияда белгиланган ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади (29-модда), Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади (65-модда), деган конституциявий нормаларга мувофиқлигини аниқлаш лозим.
Конституцияга кўра, ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади (29-модданинг биринчи қисми), Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади (65-модданинг иккинчи қисми), шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатади (141-модданинг биринчи қисми).
Суд мажлисида Миллий марказ директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев ва бўлим бошлиғи О.Норбоев Конституциявий судга мазкур масалани киритишга асос бўлган ҳолатлар, шунингдек бошқа важлар, далиллар ва маълумотларни баён қилди.
Кўриб чиқилган масала юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Ж.Ширинов, Адлия вазирлиги Нотариат, адвокатура ва медиация бошқармаси бошлиғи М.Ҳотамов, Адвокатлар палатаси раиси Ш.Содиқов, “Forse of justice” адвокатлик бюроси директори А.Ваҳобов, “Юристкадр” адвокатлик фирмаси раҳбари С.Мухторалиев, Конституциявий суд ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзоси Ф.Отахонов ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Конституциявий суд муҳокама қилинаётган масала юзасидан томонлар, мутахассислар ва экспертларнинг фикр-мулоҳазаларни эшитиб, масалани чуқурроқ ўрганиш ва ишга оид материалларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва шундан кейингина бир тўхтамга келиш мумкин,деган хулосага келди.
Раислик қилувчи томонидан Конституциявий суд мажлиси 2026 йил 12 июнь куни давом этиши маълум қилинди.
Норгул Абдураимова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА