Конимехнинг фаол тадбиркори
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Навоий вилояти Конимех туманида фаолият юритаётган “Kanimex-Max-Drive” хусусий корхонаси ҳам бу борада муайян натижаларга эришиб келмоқда.
Корхона раҳбари Ержан Ташбенбетов бошчилигида чакана савдо, умумий овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш ва хусусий мактабгача таълим йўналишларида фаолият йўлга қўйилган. Айни пайтда корхонада 30 нафардан зиёд киши доимий иш билан таъминланган.
Туман марказида барпо этилган икки қаватли замонавий савдо мажмуаси аҳолига хизмат кўрсатувчи масканлардан бирига айланган. Мажмуанинг биринчи қаватида супермаркет, иккинчи қаватида эса болалар ўйингоҳи ва умумий овқатланиш шохобчалари фаолият юритмоқда.
[gallery-30763]
Сўнгги уч йилда корхона иқтисодий кўрсаткичларини барқарор ошириб, даромадларини кўпайтирди. Бу тадбиркорлик фаолиятини самарали ташкил этиш ва бозор талабларини инобатга олиш самараси сифатида намоён бўлмоқда.
Тадбиркор ижтимоий масъулиятни ҳам ўз фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири деб билади. Жумладан, ҳар чоракда ва байрамлар арафасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган учрашув ва маънавий-маърифий тадбирлар ҳам мунтазам ташкил этилмоқда. Шунингдек, тадбиркор келгусида вилоятнинг бошқа ҳудудларида янги филиаллар ташкил этиш, қўшимча иш ўринлари яратиш ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган.
Меҳнат ва ташаббус ўз самарасини бермоқда. 2025 йил Тадбиркорлар куни арафасида Ержан Ташбенбетов давлатимиз раҳбарининг тегишли фармойишига мувофиқ “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Сирож АСЛОНОВ(сурат),ЎзА