Коммунал соҳа фидойилари эъзозланди
Бухорода 18 апрель – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни кўтаринки руҳда, кенг жамоатчилик иштирокида нишонланди. Мазкур сана мамлакатимизда аҳоли фаровонлиги, шаҳар ва қишлоқлар ободлиги, кўп қаватли уй-жойлар ҳамда муҳандислик инфратузилмаларининг барқарор ишлашида меҳнат қилаётган соҳа вакилларига бўлган юксак эътибор ифодаси сифатида аҳамият касб этади.
Тадбирга вилоятда фаолият юритаётган бошқарув сервис компаниялари вакиллари, коммунал хизмат кўрсатиш тизимидаги корхона ва ташкилотлар меҳнат жамоаларининг илғор ходимлари таклиф этилди. Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов иштирок этиб, йиғилганларни касб байрами муносабати билан самимий қутлади.

Таъкидланганидек, бугунги кунда вилоятдаги 29 та бошқарув сервис компанияси шаҳар ва туманларда жойлашган 2 минг 566 та кўп қаватли уй-жойга сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда. Бу эса аҳолининг муносиб турмуш шароитини таъминлаш, уй-жой фондини сақлаш ва инфратузилмани яхшилашда муҳим аҳамиятга эга.
Айниқса, компаниялар қошида 24/7 режимида авария-диспетчерлик хизматларининг йўлга қўйилгани, кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларининг тизимли ташкил этилгани соҳада амалий ислоҳотлар самарасини кўрсатмоқда.

Шунингдек, тизим таркибидаги икки иссиқлик корхонаси ҳамда Бухоро сув таъминоти акциядорлик жамияти жамоаларининг фаолияти ҳам алоҳида эътироф этилди. Уларнинг меҳнати туфайли аҳолини сифатли ичимлик суви, иссиқлик ва бошқа муҳим коммунал хизматлар билан таъминлаш борасида салмоқли натижаларга эришилмоқда.
Маълум қилинганидек, вилоят аҳолисини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш, шунингдек, туман марказларида оқова тизимини яхшилаш мақсадида Осиё инфратузилма инвестициялари банки иштирокида умумий қиймати 633,5 миллион АҚШ долларига тенг йирик лойиҳа икки босқичда амалга оширилмоқда. Натижада аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 2016 йилдаги 54,5 фоиздан 2026 йилга келиб 80 фоизга етди.

Марказлашган иссиқлик таъминотини модернизация қилиш йўлида ҳам кенг кўламли ишлар бажарилди. Жаҳон банки иштирокида амалга оширилган “Бухоро шаҳрида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида “Бухороенергомарказ” АЖ иссиқлик корхонасида умумий қиймати 22,62 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа рўёбга чиқарилди. Бунинг натижасида Бухоро шаҳридаги 202 та кўп қаватли уй-жой ва 32 та ижтимоий соҳа муассасасининг иссиқлик таъминоти сезиларли даражада яхшиланди.

Тадбир давомида соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ меҳнат фахрийлари муносиб тақдирланди. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири томонидан “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси” кўкрак нишони билан мукофотланган ходимларга тантанали равишда мукофотлар топширилди.

Шунингдек, узоқ йиллик ҳалол меҳнати, касбига садоқати ва тизим тараққиётига қўшган муносиб ҳиссаси учун бир қатор фидойи ходимларга фахрий ёрлиқлар ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.
Байрам тадбири вилоят санъат усталари иштирокидаги концерт дастури билан давом этди. Кўтаринки кайфият, самимий табриклар ва эътирофларга бой ушбу тадбир коммунал соҳа ходимларининг меҳнати доимо қадрланиши, уларга бўлган ҳурмат ва эътибор юксак эканини яна бир бор намоён этди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.