Кўкрак бези саратонини эрта аниқлашда сунъий интеллект
Бугунги кунда саратон касалликларининг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш долзарб масалалардан бирига айланмоқда. Бу борада мамлакатимизда ҳам тегишли ҳуқуқий асослар қабул қилиниб, муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Барқарор ривожланиш маркази бош мутахассиси Алишер Азизов кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш ва таҳлил қилишда сунъий интеллект имкониятлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти саратон касалликлари, шу жумладан кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволаш муҳимлигини таъкидлайди. Бу борада маммография тасвирларини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш имкониятлари нафақат технология, балки тиббий хизматни ташкил этиш нуқтаи назардан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Ўзбекистонда бу йўналишда Президентнинг 2024 йил 22 ноябрдаги тегишли қарори билан 2025-2030 йилларда бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш дастурини амалга ошириш белгиланган. Унга мувофиқ, 30-65 ёшдаги аёллар ҳар икки йилда бир марта бирламчи саралашдан ўтказилиши, кўкрак бези текшируви 45 ёшгача ультратовуш диагностикаси, 45-65 ёшда эса маммография орқали амалга оширилиши назарда тутилган.
Ҳужжатда ҳудудларда олинган тасвирларни ягона тизимга интеграция қилиш учун Маммография тасвирини ўқиш марказини ташкил этиш, скрининг натижасида онкологик касаллик аниқланган беморларни ташхислаш ва даволаш харажатларини Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш белгиланган. Мазкур тизимнинг рақамли инфратузилмаси ҳам ривожлантирилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги «screening.mammo.uz» платформасида маммография тасвирларини марказлашган тарзда кўриб чиқиш ва сақлашга хизмат қилувчи ахборот тизими ишга туширилганини маълум қилган.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 июлдаги қарорида маммография асосида кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш учун сунъий интеллект технологиясини жорий этиш алоҳида лойиҳа сифатида назарда тутилган. Ҳужжатда тизимни 2026 йил октябрда Республика ихтисослаштирилган онкология маркази ва «Дармон Сервис» хусусий клиникасида синов тариқасида, декабрда эса тўлиқ ишга тушириш муддатлари белгиланган.
Хориж тажрибаси мазкур жараёнларни қандай самарали ташкил этиш мумкинлигини кўрсатади. Мексикада давлат хизматчиларига тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатувчи ISSSTE институти 2026 йил 2 июнда маммография тасвирларини сунъий интеллект кўмагида талқин қилишга мўлжалланган тўртта «Кўк хона» («Cuartos Azules») фаолияти бошланганини эълон қилди. Режага кўра, 98 та тиббиёт муассасасида олинган маммография тасвирлари электрон тарзда ушбу марказларга юборилади. Радиологлар тайёрлаган хулосалар эса тегишли муассасаларга қайтарилади.
Бундай ёндашув ҳудудлардаги беморларнинг текширув тасвирини талқин қилдириш учун бошқа шаҳарга боришига эҳтиёжни камайтириш, мутахассислар ресурсидан оқилона фойдаланиш ва хулосани олиш жараёнини тезлаштириш имкониятини беради. Сунъий интеллект радиологларга тасвирларни таҳлил қилишда кўмаклашади, якуний клиник хулоса ва беморни кейинги босқичга йўналтириш эса шифокорлар масъулиятида қолади.
Сунъий интеллектнинг маммографик скринингдаги имкониятларини баҳолашда Швецияда ўтказилган MASAI тадқиқоти муҳим илмий далиллардан биридир. 2021–2022 йилларда унга 105 минг 934 нафар аёл жалб қилиниб, иштирокчилар тасодифий тарзда сунъий интеллект кўмагида ва анъанавий усулда текширилган икки гуруҳга ажратилган. «The Lancet» журналида 2026 йилда эълон қилинган натижаларга кўра, саратон мавжуд ҳолатларни аниқлаш сезгирлиги сунъий интеллект қўлланган гуруҳда 80,5 фоиз, тасвирлар сунъий интеллектсиз икки радиолог томонидан баҳоланган гуруҳда 73,8 фоизни ташкил этган. Саратон мавжуд бўлмаган ҳолатларни тўғри баҳолаш кўрсаткичи — ўзига хослик ҳар икки гуруҳда 98,5 фоиз бўлган.
Тадқиқотда икки скрининг оралиғида аниқланган саратон ҳолатлари ҳар минг иштирокчига мос равишда 1,55 ва 1,76 тани ташкил этган. Натижалар сунъий интеллект кўмагида ўтказилган скринингнинг белгиланган мезон бўйича анъанавий усулдан кам эмаслигини, айрим диагностик кўрсаткичлар яхшиланганини кўрсатади.
Ўзбекистон учун асосий вазифа янги, алоҳида тизимни таклиф қилишдан кўра, амалдаги марказлаштирилган маммография хизмати ва жорий этилиши режалаштирилган сунъий интеллект ечимларининг ўзаро уйғунлигини таъминлашдан иборат. Хусусан, ҳудудий муассасада тасвир олиш, уни ягона платформага юбориш, радиолог хулосасини қайтариш, шубҳали ҳолатларни қўшимча ташхисга йўналтириш ҳамда даволашни бошлаш ягона, узлуксиз жараён сифатида ишлаши муҳим.
Юқоридаги қарор доирасида белгиланган синовлар ва уларнинг кейинги босқичларида технология самарадорлигини маҳаллий шароитда мустақил баҳолаш мақсадга мувофиқ. Бунда турли ҳудудлардаги маммографлар билан олинган тасвирлар сифати, аёлларнинг ёши ва кўкрак бези тўқимасининг зичлиги каби омиллар инобатга олиниши лозим. Алгоритм хулосаларини тажрибали радиологлар баҳоси билан солиштириш, шубҳали ҳолатларни қайта текшириш тартибини белгилаш ҳамда дастлабки босқичда якуний тиббий қарорни шифокор ваколатида қолдириш муҳим.
Саратонни эрта босқичда аниқлаш улуши, нотўғри ижобий хулосалар, ўтказиб юборилган ҳолатлар, қайта текширувларга юбориш кўрсаткичи ва мутахассислар иш юкламасидаги ўзгаришлар ҳам таҳлил этилади. Натижалар дастур жорий этилишидан олдинги ҳолат ҳамда ўхшаш шароитлардаги муқобил иш тартиби билан солиштирилса, технологиянинг ҳақиқий ҳиссасини холис баҳолаш осонлашади.
Тизимнинг ишончли ишлаши учун кадрлар тайёргарлиги, маълумотлар хавфсизлиги ва барқарор техник хизмат бирдек муҳим. Маммография тасвирларини олиш ва талқин қилиш бўйича ягона сифат талаблари, шифокорлар учун амалий ўқувлар ҳамда алгоритм хатолари юз берганда ҳаракат қилиш тартиби белгиланиши лозим.
Хулоса шуки, кўкрак бези саратонини эрта аниқлашда сунъий интеллектнинг қиймати қанча тасвирни тез таҳлил қилиши билангина ўлчанмайди. Унинг ҳақиқий натижаси шубҳали ҳолатни ўз вақтида аниқлаш, аёлни зарур текширувга йўналтириш ва даволашни кечиктирмасликдир. Ўзбекистонда яратилаётган марказлашган маммография тизими ва сунъий интеллект ечимларини ана шу мақсадга бўйсундириш аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини ошириш ҳамда Барқарор ривожланишнинг 3-мақсадига эришишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА