Коинтонга илк қадам: Ўзбекистонда Mission Moon платформаси ишга туширилди
Бугунги кунда космос соҳаси инсоният тараққиётининг муҳим йўналишларидан бирига айланган. Юртимиз ҳам ушбу жараёнда фаол иштирок этиб, миллий космонавтикани ривожлантириш ва келажак авлодни илм-фанга жалб қилиш бўйича муҳим қадамларни амалга оширмоқда. Ана шундай ташаббуслардан бири – Mission Moon таълим платформасидир.
Тошкент шаҳридаги School 21 рақамли технологиялар мактаби кампусида болалар учун мўлжалланган Ўзбекистоннинг илк космик таълим платформаси – Mission Moon лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳа “Ўзбеккосмос” агентлиги ва School 21 рақамли технологиялар мактаби ҳамкорлигида амалга оширилди.
Мазкур платформа ёш авлодда космос, астрономия, технология ва муҳандислик соҳаларига қизиқиш уйғотиш мақсадида яратилган. У болаларга коинот ҳақидаги билимларни оддий дарс шаклида эмас, балки қизиқарли ўйинлар, интерактив топшириқлар ва космик миссиялар орқали етказади.
Mission Moon ғояси ўтган йили “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан илгари сурилган таълимий ташаббус сифатида пайдо бўлган. Кейинчалик School 21 иштирокчилари ушбу ғояни замонавий рақамли платформага айлантириш учун унинг дастурий таъминоти, ўйин механикаси, миссиялари ва интерактив муҳитини ишлаб чиқди. Лойиҳани яратиш жараёнида мураккаб илмий мавзулар болалар тушуниши мумкин бўлган содда ва қизиқарли форматга мослаштирилди.
Платформада иштирок этувчи болалар шунчаки маълумот олибгина қолмай, балки ўзларини ҳақиқий тадқиқотчи сифатида ҳис қилиш имкониятига эга бўлади. Улар турли вазифаларни бажаради, қарорлар қабул қилади, янги сайёралар ва космик объектлар ҳақида маълумотларга эга бўлади ҳамда амалий фаолият орқали илмий тафаккурини ривожлантиради.
Таъкидланганидек, Mission Moon платформасининг яратилишида School 21 иштирокчиларининг ҳиссаси алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида фаолияти йўлга қўйилган мазкур мактаб мамлакатимизнинг етакчи замонавий IT таълим марказларидан бири саналади.
– Мактабимизда 17 ёшдан ошган ҳар қандай фуқаро дастурлаш ва ахборот технологиялари йўналишидаги касбларни мутлақо бепул ўрганиши мумкин, - дейди School 21 рақамли технологиялар мактабининг маркетинг бўйича директори Владислав Юровский. – Таълим “тенгдош-тенгдошга” тамойили асосида ташкил этилган бўлиб, иштирокчилар реал лойиҳалар устида ишлаш орқали билим ва кўникмаларга эга бўлади. Мактабда Backend, Frontend, мобиль дастурлаш, GameDev, киберхавфсизлик, Data Science, Machine Learning, UX/UI дизайн, лойиҳа ва маҳсулот менежменти ҳамда биоинформатика каби 13 та йўналиш бўйича мутахассислар тайёрланмоқда.
Тақдимот очиқ оилавий форматда ташкил этилди. Унда 7-10 ёшли болалар ва уларнинг ота-оналари иштирок этиб, платформани амалда синовдан ўтказди. Иштирокчилар илк космик миссияларни бажариш, интерактив зоналарда қатнашиш, астрономия ҳамда технологиялар олами билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Болалар коинот ҳақида янги маълумотларга эга бўлган бўлса, ота-оналар фарзандларининг илм-фан ва технологияларга бўлган қизиқишини янада қўллаб-қувватлаш имкониятлари билан яқиндан танишди.
Тадбир давомида “Ўзбеккосмос” агентлиги директори ўринбосари Муҳиддин Иброҳимов мамлакатимизда космик таълимни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар ҳақида алоҳида тўхталди.
– Юртимизда космик таълим босқичма-босқич ривожланмоқда, - деди М. Иброҳимов. – Mission Moon бу йўналишдаги ягона ташаббус эмас. Биз CanSat ва UniSat лойиҳаларини ҳам изчил давом эттиряпмиз. Бу йил UniSat дастури бешинчи марта ўтказилади. Унда ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда қизлар учун CubeSat форматидаги кичик сунъий йўлдошларни яратиш бўйича махсус таълим дастури ташкил этилади. Уч ойлик тайёргарликдан сўнг иштирокчилар томонидан ишлаб чиқилган икки сунъий йўлдошни Мўйноқ ҳудудидан 37 километр баландликкача учиришни мақсад қилганмиз.
Унинг сўзларига кўра, кейинги босқичда ушбу лойиҳаларни янада юқори даражага олиб чиқиш, яъни, ёшлар иштирокида яратилган сунъий йўлдошларни ракета орқали орбитага чиқариш режалаштирилган.
Шунингдек, агентлик томонидан махсус космик лагерь дастурлари ҳам ишлаб чиқилган бўлиб, уч, беш ва етти кунлик форматларда тайёрланган мазкур дастурлар болаларнинг таътил даврида космос, астрономия ва муҳандислик бўйича билимини оширади. Яқин келажакда ишга туширилиши режалаштирилган SpaceBus лойиҳаси ҳам мамлакатнинг барча ҳудудларидаги ўқувчиларни қамраб олишга қаратилган. Лойиҳа доирасида мактабларда 8 ҳафталик STEM дастурлари ташкил этилади. Шу билан бирга, виртуал реаллик технологияларига асосланган ракета модели ҳам ишлаб чиқилмоқда.
[gallery-29853]
Таъкидланганидек, бу каби ташаббуслар космик таълимнинг мустаҳкам пойдеворини яратиб, келажакда мамлакатнинг космик ва технологик салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Ҳар бир буюк кашфиёт оддий саволдан бошланади. Ҳар бир космонавт эса бир вақтлар юлдузларга ҳайрат билан боққан болакай бўлган. Бугун ушбу платформада ўзининг биринчи космик миссиясини бажараётган ўғил-қизлар ҳам вақти келиб, Ўзбекистон номини коинотда намоён этар. Зеро мақсад ҳам шу – илк ҳайрат, илк қизиқиш ва илк орзуларни қўллаб-қувватлаш.
Камола Юсупова,
Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА