Китоб тутган қўлларгина фарзандларни ёруғ келажак томон бошлай олади
Президент ташаббуслари – амалда
Кечки овқатдан кейин телефон титкилаб ўтирибман. Диваннинг бир чеккасида жим бўлиб қолган қизалоғимга қарайман. Унинг қўлида ҳам онасининг телефони. Ҳеч шубҳасиз, бу манзара бугун ҳаммамизга бегона эмас.
Замон шиддат билан ўзгаряпти, лекин инсоннинг психологик табиати ўша-ўшалигича қолмоқда. Бола китоб ўқи деган насиҳатга эмас, ҳар куни ўз кўзи билан кўрадиган манзарасига тақлид қилади.
Биз фарзандларимизга китоб ўқишнинг минг бир фойдаси ҳақида соатлаб гапиришимиз мумкин. Аммо ўзимиз кун бўйи телефон экранидан кўз узмасак, бу сўзларимиз сафсата бўлиб қолаверади. Бугун ана шу муҳим қадам ташланиши, бола ота-онасининг қўлида китоб кўриши керак.

Жараён осон кечмаслиги тайин. Аммо биз фарзандларимиз келажаги учун бунинг қаловини топишга мажбурмиз. Бугун бутун мамлакатимизда китобхонлик тарғиботи таълим сиёсати даражасида тизимли олиб борилмоқда. Ана шу жараёнга нима учун оиламиздаги муҳитни эш қила олмаймиз?
Халқаро тажрибадан биргина мисол. Японияда болаларда мутолаа маданиятини шакллантириш айнан “оилавий ўқиш соати”дан бошланар экан. Уларда кечки пайт бутун оила аъзолари камида ярим соат смартфонларни ўчириб, биргаликда китоб мутолаа қилишаркан. Бугун Ўзбекистонда яратилган имкониятлар ана шундай гўзал анъанани ҳар бир хонадонга олиб кириш учун тўлиқ замин яратади.
Бир ўйлаб кўрайлик, илгари китоб ўқимаслик учун қандайдир баҳоналаримиз бор эди. Китоб топиш мураккаб эди. Чекка ҳудудларга янги нашрлар етиб бормасди ёки уларнинг нархи ҳамманинг ҳам чўнтагига тўғри келавермасди. Бугун-чи?

Мамлакатимизда бундан тахминан икки йил олдин ишга туширилган “Мутолаа” мобиль иловаси бугун ўзбек тилидаги энг йирик ва замонавий электрон кутубхонага айланди. Унинг фойдаланувчилари сони салкам беш миллион кишига етди. Бутун республика бўйлаб электрон ва аудиокитоблардан уйда ўтириб бепул фойдаланиш имконияти яратилди.
– Бу илова энг биринчи навбатда чекка қишлоқлардаги ёшларга қоғоз китобларнинг етиб боришидаги қийинчиликлар ва нарх-наво билан боғлиқ тўсиқларга барҳам берди, – дейди ушбу лойиҳа раҳбари Сирожиддин Олимов. – Ҳозирда платформада 4 мингдан ортиқ энг сара асарлар жойлаштирилган. Уларни хоҳлаган форматингизда, яъни электрон шаклда ўқишингиз ёки йўлда, ишда юрганда аудио шаклида тинглашингиз мумкин. Платформа фойдаланувчилари сонини яқин орада 10 миллионга олиб чиқишни мақсад қилганмиз. Юртимиз ёшларининг илмга, маърифатга бўлган чанқоқлиги бу маррани забт этишимизга замин яратади. Қолаверса, келгусида фақат мамлакат ичида чекланиб қолмоқчи эмасмиз. Бу илова халқаро стандартларга ҳам тўлиқ жавоб беради. Шу сабабли уни инглиз, рус ва қардош тилларда ҳам тақдим этиш, дунё бозорига чиқиш бўйича режаларимиз бор.
Илгари чекка бир қишлоқдаги ёшларнинг китобга бўлган муносабати ҳақида кам гапирар эдик. Бугун эса давлатимизда олиб борилаётган китобхонлик сиёсатининг натижасини айнан ўша чекка ҳудудлардаги ўғил-қизларимиз “Мутолаа”, “1000 китоб”, “Ибрат академияси” каби иловалардан фаол фойдаланаётганида, маҳалладаги кутубхоналарга серқатнов бўлиб қолганида кўришимиз мумкин. Бу лойиҳаларнинг фақат пойтахтда эмас, бутун республика бўйлаб ёйилгани жуда катта ютуқдир.

Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, бу илова оддийгина китоб ўқиш майдони эмас. У муаллиф ва ноширларни қўллаб-қувватлайдиган янги иқтисодий йўналишга айланди. Илгари ёзувчи фақат қоғоз китоб сотилсагина даромад оларди. Энди эса “Мутолаа”нинг премиум версияси орқали электрон ва аудиокитоблардан ҳам муаллифлик ҳуқуқига риоя қилинган ҳолда даромад топмоқда.
Ўтган бир йилнинг ўзида бир миллиард сўмга яқин маблағ ёзувчи ва нашриётларга тўлаб берилди. Бу миллий контент учун пул тўлаш маданиятини шакллантирмоқда.
Мамлакатимизда яратилаётган бу каби шароитлар китобхонлик ҳаракати билан бир қаторда, бутун бир ноширлик ва ижод бозорига кучли туртки бўлди. Сўнгги беш-олти йил таҳлили шуни кўрсатадики, юртимизда китоб савдоси кўрсаткичлари каррасига ошди.
Президент қарори билан Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармасининг ташкил этилиши бу соҳадаги яна бир тарихий қадам бўлди. Жамғарма орқали ёзувчи, таржимон ва ноширларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизми ишга тушди. Китобларни таржима қилиш ва нашрга тайёрлаш жараёнлари давлат томонидан молиялаштирилмоқда. Натижада бозорда замонавий бошқарув, бизнес ва шахсий ривожланишга оид жаҳоннинг энг сара бестселлерларини ўзбек тилига таржима қилишга ихтисослашган янги нашриёт уйлари фаолияти кенгайди.
Жамғарма яқинда яна иккита йирик лойиҳани тақдим этди. Эндиликда ёш ижодкорлар давлат буюртмаси асосида янги асарлар ёзади ва бунинг учун уларга муносиб пул мукофотлари берилади.
Ўзбек ёшлари ва илм аҳли учун яна бир катта совға “1000 китоб” лойиҳаси билан боғлиқ. Бу лойиҳа доирасида жаҳондаги энг машҳур илмий-оммабоп китоблар ўзбек тилига ўгирилиб, кутубхоналарга бепул тарқатилмоқда. Дастлабки босқичда ўттизга яқин бебаҳо асар китобхонлар қўлига етиб борди. Мазкур ташаббус жаҳон илм-фани ютуқларини ўз она тилимизда ўзлаштиришга хизмат қилиш билан бирга, миллий таржима мактабини янги босқичга олиб чиқиб, ўзбек тилининг нуфузини оширмоқда.

Бугун халқаро майдонда Ўзбекистон китобхон ва билимли ёшларни рағбатлантирадиган кам сонли давлатлардан бири сифатида эътироф этилаётгани ҳам сир эмас. “Ёш китобхон” ва “Ёш китобхон оила” танловлари олис ҳудудларда яшайдиган ўқувчиларга ҳам мутолаа қилиб, Президент совғаси саналган енгил автомобиль ютиб олиш имконини тақдим этди.
Бундан ташқари, ғолиб бўлган ёшларимиз дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларида ўқиш учун грантларни қўлга киритишди. Бу хаёл ёки қуруқ ваъда эмас. Бу бугунги реал воқелик.
Қолаверса, Китобхонлик миллий ҳаракати доирасида ҳамда талабалар ва ўқувчилар ўртасидаги “Топ 100 китобхон” танловида мукофот жамғармаси катта бўлган совринлар ўз эгаларига топширилмоқда. Китоб ўқиш юртимизда энг фойдали машғулотга айланди.
Бу каби мисолларни яна кўплаб санаш мумкин. Бу лойиҳалар давлат шу йўналишда ўз зиммасидаги вазифани тизимли бажаришда давом этаётганини кўрсатади. Бепул кутубхоналар яратилди, минглаб сара асарлар она тилимизга ўгирилди, китоб ўқиганга катта-катта мукофотлар ажратилди. Эндиги энг муҳим босқич ва энг катта масъулият ҳар биримизнинг хонадонимизда, оиламизда қолди.
Бугуноқ телефонни ўчириб, қўлимизга китоб олайлик. Чунки китоб тутган қўлларгина фарзандларни ёруғ келажак томон бошлай олади.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА шарҳловчиси