“Китоб ўқиш соати” тадбирлари мунтазам йўлга қўйилди
Китоб мутолааси инсон тафаккурини чархлайди, маънавий дунёсини бойитади ва касбий фаолиятда юксак натижаларга эришишга мустаҳкам замин яратади. Шу боис Жиззах шаҳрида фаолият юритаётган Сирдарё–Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида ходимлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, мутолаага бўлган қизиқишни кучайтириш ҳамда маънавий-маърифий муҳитни янада мустаҳкамлашга қаратилган “Китоб ўқиш соати” тадбирлари мунтазам йўлга қўйилган.
Навбатдаги мутолаа машғулотида бошқарманинг марказий аппарат ходимлари бадиий, илмий-оммабоп ва маънавий-маърифий адабиётлар, шунингдек, республика ҳамда тармоқ нашрларида эълон қилинаётган долзарб мақолалар, газета ва журналлар билан танишди. Мутолаа жараёнида асарлар мазмун-моҳияти юзасидан фикр алмашилди, китобларда илгари сурилган ҳаётий ғоялар, илмий қарашлар ва маънавий қадриятлар хусусида мулоҳазалар билдирилди.

Бундай тадбирлар нафақат ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, балки таҳлилий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш, дунёқарашини кенгайтириш, маънавий камолотини мустаҳкамлаш ҳамда хизмат вазифаларини янада самарали бажаришига хизмат қилмоқда. Айниқса, китобхонлик муҳитининг қарор топиши жамоада билимга интилиш, ўз устида ишлаш ва доимий изланиш маданиятини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшлар ва меҳнат жамоалари ўртасида китобхонликни ривожлантириш давлат сиёсати даражасида қўллаб-қувватланмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15-январда қабул қилинган “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжатда 2026–2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражасини ошириш, китоб мутолаасини кенг оммалаштириш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш, энг яхши миллий ва хорижий адабиётларни қўллаб-қувватлаш, мутолаани ҳаёт тарзига айлантиришга қаратилган кенг кўламли вазифалар белгилаб берилган.

Ушбу вазифалар ижроси доирасида давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари ҳамда меҳнат жамоаларида китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган маънавий-маърифий лойиҳалар, мутолаа соатлари, китоб тақдимотлари ва адабий учрашувлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Сирдарё–Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида ташкил этилаётган “Китоб ўқиш соати” ҳам ана шу эзгу мақсадларга ҳамоҳанг тарзда йўлга қўйилган ташаббуслардан бири ҳисобланади.
Бошқармада китобхонликни рағбатлантириш, мутолаага бўлган қизиқишни янада ошириш ва соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлашга қаратилган бундай тадбирлар изчил давом эттирилиб, жамоанинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади. Шу тариқа китоб мутолааси билимли, кенг дунёқарашли ва юксак масъулиятли мутахассисларни тарбиялашнинг муҳим омили сифатида ўз аҳамиятини янада мустаҳкамлаб бормоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири