Китоб — миллат маънавиятининг кўзгуси
Сирдарёда яна бир маънавият байрами бошланди. Алишер Навоий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида “Китобсевар миллат” шиори остида VI Республика “Китобхонлик ҳафталиги” тантанали равишда очилди. Бу тадбир шунчаки расмий анжуман эмас, у жамиятни китоб атрофида бирлаштиришга қаратилган муҳим маърифий ҳаракатдир.
Очилиш маросимида сўзга чиққан масъуллар китобхонликни ривожлантириш бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилганини алоҳида таъкидладилар. Сирдарё вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Ғайбулла Юсупов китоб мутолааси инсон тафаккурини чархлайдиган, жамият тараққиётини тезлаштирадиган асосий омиллардан бири эканини қайд этди.

Тадбирда иштирок этган Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мурод Хаитов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Норинисо Қосимова, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят бўлими раҳбари Азиз Раҳмонов, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Анорқул Бойбеков ҳамда Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлими вакили Адҳам Жўраевлар сўзга чиқиб, китоб — маънавият манбаи, миллат тараққиётининг асосий омили эканини алоҳида урғуладилар.
Марказ фойесида ташкил этилган китоблар кўргазмаси тадбирнинг энг жонли нуқталаридан бирига айланди. “Йилнинг энг кўп ўқилган китоблари”, “Миллий ва жаҳон адабиёти дурдоналари”, “Ёшлар севган китоблар” каби йўналишларда намойиш этилган асарлар китобхонларнинг қизиқиши ва диди қанчалик кенг эканини кўрсатди. Шу билан бирга, “Тупроқлар тилга кирганда” номли кулолчилик кўргазмаси адабиёт ва санъат уйғунлигини намоён этди.

Замонавий ёндашувлар ҳам эътибордан четда қолмади. Китоб тарғиботига қаратилган буктрейлерлар, виртуал кўргазмалар ва видеолавҳалар орқали китобхонликни тарғиб қилиш янги босқичга кўтарилаётгани сезилди. Бу эса рақамли даврда китобга бўлган муносабат ҳам янгича шаклланаётганини кўрсатади.
Тадбир доирасида “Мадраҳим Қосимов” МЧЖ томонидан турли жанрдаги — бадиий, ижтимоий-сиёсий ва соҳавий адабиётлар савдоси ташкил этилди. Шунингдек, “Қадрдон кутубхонамга китоб совға қиламан” акцияси йўлга қўйилиб, унда иштирок этган меҳмонлар ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан ахборот-кутубхона маркази фондига кўплаб янги китоблар тақдим этилмоқда. Ушбу хайрли ташаббус ҳафта давомида кутубхона фондини бойитишга қаратилган муҳим ташаббуслардан бири бўлди.

“Китобхонлик ҳафталиги” доирасида халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳам намоён бўлди. Жумладан, Норвегия давлатидан ташриф буюрган меҳмонлар учун марказ бўйлаб махсус экскурсия ташкил этилди. Меҳмонлар кутубхонанинг замонавий инфратузилмаси, электрон ресурслари, китоб фонди ва ўқув заллари билан танишиб, кўрсатилаётган хизматларга юқори баҳо бердилар. Улар ўз таассуротларини таклиф ва мулоҳазалар китобига илиқ фикрлар билан ёзиб қолдирдилар.
Ҳафталик доирасида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Китобхонлар дуэли” эса тадбирга алоҳида жон киритди. Баҳс “Бадиий асарлар билимдони”, “Тезкор савол-жавоб” ва “Буюк мутафаккир ва адиб” каби шартлар асосида ўтказилди. Энг муҳими, ёшлар ўртасида ташкил этилган бу беллашув нафақат билимлар синови, балки фикрлаш тезлиги, ҳозиржавоблик ва адабиётга муҳаббатни намоён этувчи майдонга айланди.

Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунига кўра, Иброҳим Ҳалимжонов 1-ўринни, Алишер Ғофиров 2-ўринни, Элбек Эшқулов эса 3-ўринни эгаллади. Мазкур беллашув ёшларнинг адабий билимларини синаш, тез фикрлаш қобилиятини ошириш ва китобга бўлган муҳаббатини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Қайд этиш жоизки, Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳар ахборот-кутубхона марказларида ҳам VI Республика “Китобхонлик ҳафталиги”нинг очилиш тадбирлари юқори савияда ташкил этилди. Уларда маҳаллий ҳокимликлар вакиллари, жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этиб, китобхонлик маданиятини янада ривожлантириш ва ёшлар маънавиятини юксалтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Умуман олганда, “Китобхонлик ҳафталиги” нафақат маърифий тадбир, балки жамиятни маънавий юксалишга чорловчи муҳим ижтимоий ҳаракат сифатида аҳамият касб этмоқда. Бу каби ташаббуслар орқали китоб — инсон камолотининг энг ишончли йўлдоши экани яна бир бор ўз тасдиғини топмоқда.
Савол туғилади: рақамли технологиялар асрида китоб ўз ўрнини сақлаб қола оладими? Сирдарёдаги бу ҳафталик шунга аниқ жавоб беради — ҳа, агар унга бўлган эътибор, муҳаббат ва тарғибот шу тарзда давом этса, китоб ҳамиша маънавият устуни бўлиб қолаверади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири