Кинофестиваль иштирокчилари – Самарқандда
“Ипак йўли дурдонаси” ХIII Тошкент халқаро кинофестивали доирасида Самарқанд шаҳрида хорижий мамлакатлар кино кунлари ўтказилмоқда.
Шаҳардаги “Шарқ юлдузи” кинотеатри, “Нурафшон” маданият саройи ва “Family Park” савдо-кўнгилочар марказидаги кинотеатрда фестиваль қатнашчилари билан ижодий учрашувлар ўтказилди. Хорижий давлатлар кинофильмлари намойиш этилмоқда.

Жумладан, “Шарқ юлдузи” кинотеатрида республикамиз ва беларуслик таниқли актёр, продюсер ва режиссёрлар иштирокидаги учрашувда Тошкент халқаро кинофестивалининг тикланиши мамлакатимизда кино санъатини ривожлантириш, дунё киноижодкорлари билан тажриба алмашиш ва ҳамкорлик қилиш учун кенг имкониятлар яратиши таъкидланди.
Шундан сўнг Беларусь киноижодкорларининг “Ўйинчи тақдири” (“Правила геймера”), “Прантиш Вирвичнинг саргузаштлари” (“Авантюры Парантиша Вырвича”), “Қўпорувчи тақдири” (“Судьба Диверсанта”) фильмлари намойиш этилди.

Машҳур режиссёр ва продюсер Дмитрий Астрахан томонидан суратга олинган “Қўпорувчи тақдири” фильми томошабинларга манзур бўлди.
- Фильм Иккинчи жаҳон урушида қуруқликда олиб борилган энг йирик қўпорувчилик операцияси ҳақида, - дейди Дмитрий Астрахан. – Бу даврда немис босқинчиларига қарши курашган совет аскарларининг қаҳрамонликлари фильмнинг асосий мазмунини ташкил этади. Фильмни суратга олишда архив маълумотларидан кенг фойдаланиб, қаҳрамонлар образини яратдик.
Кино кунлари бугун ҳам давом этмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА