Кино ва театр санъатининг дарғалари
Миллий кино ва театр санъатимизда Ўзбекистон халқ артистлари Тўғон Режаметов ҳамда Ширин Азизованинг ўрни, ҳиссаси ўзига хосдир.
Ўзбекистон давлат драма театрида ушбу санъат дарғалари ижодига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси ҳамда Ўзбекистон давлат драма театри ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирда кино ва театр санъати соҳасининг етук вакиллари ҳамда Тўғон Режаметов ва Ширин Азизованинг оила-аъзолари, фарзандлари ҳам иштирок этди.

Миллий кинематографиямизнинг энг сара намуналари Тўғон Режаметовнинг бетакрор роллари, унутилмас ижроси билан боғлиқдир. Мукаммаллик, ҳар бир қаҳрамон образини пухта, маромига етказиб талқин этиш, унинг характерини тўлақонли очиб бериш Ўзбекистон халқ артисти Тўғон Режаметовнинг ижодида устувор ўрин эгаллар эди. Устоз санъаткор "Фарҳоднинг жасорати", "Ватан ўғлонлари", "Чинор", "Абу Райҳон Беруний", "Икки дил достони" каби ўттиздан ортиқ фильмларда бири бошқасини такрорламайдиган роллар яратган.
Айниқса, атоқли режиссёр Равиль Ботиров томонидан 1966 йили суратга олинган "26- отилмасин" фильмидаги Саид Исломбек роли актёрнинг ижодий фаолиятида алоҳида ўрин эгаллайди. Киношуносларнинг фикрича, Тўғон Режаметов ўз Ватанига содиқ разведкачи ролини "Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси" картинасидаги Штирлицдан неча йиллар аввал ғоят мукаммал тарзда яратган эди... Устоз санъаткор ижросидаги самимият, пухталик, образ характерини тўлақонли очиб бериш каби жиҳатлари ҳозиргача кино ва театр ижрочилари учун ибрат мактабидир.

Ўзбекистон халқ артисти Ширин Азизова театрда бир қатор эсда қоларли ролларни ижро этган санъаткордир. Театршуносларнинг фикрича, Aзизова ижодига лирик, драматик роллар яқин бўлиб, образлари ҳаётийлиги, саҳна нутқининг мукаммаллиги билан ажралиб туради. Ширин Азизованинг "Холисхон" спектаклидаги Холисхон роли, "Ишқ қурбонлари"даги Сора, "Майсаранинг иши" спектаклидаги Майсара ва бошқа кўплаб роллари шулар жумласидандир. Шу билан бирга устоз санъаткор "Келгинди куёв", "Тангалик болалар", "Бомба" ва бошқа ўнлаб кинокартиналарда роллар ижро этган.

Тадбирда атоқли санъаткорларнинг ижод йўли ҳақида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова, ЎзА