Кино маданий мулоқот кўпригидир
Тез кунларда Тошкент шаҳрида бошланадиган "Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали аллақачон дунё киноижодкорларининг эътиборига тушиб улгурди.
Бу жиҳатлар фестиваль жараёнига онлайн боғланган киночилар фикрида ҳам ўзи аксини топмоқда.

Азамат Сатиболдиев, қозоғистонлик киноижодкор:
– Тошкент халқаро кинофестивалининг тез орада старт олишидан жуда мамнунмиз. Тез орада Тошкентда кўришимиз. Бу барча киноижодкорлар учун жуда фойдали жараён,деб ўйлайман.
Руфат Гасанов, Озарбайжон маданият вазирлигининг кинематография бўлими бошлиғи:
– Тошкент азалдан ўзининг меҳмондўстлиги билан ном қозонган. Президентингиз ташаббуси билан Тошкент халқаро фестивали қайта тикланганини дунё кино жамоатчилиги жуда кўтаринкилик билан кутиб олди. Негаки, ижодкорлар анчадан буён бир-бирини жуда соғиниб қолган эди. Фестивалда Озарбайжон кинематографияси ҳам тақдим этилишидан ғоят мамнунмиз. Ўзбек томошабинлари бизнинг бадиий ҳамда ҳужжатли фильмлардан баҳраманд бўлади. Халқларимиз ўз менталитети, анъаналари, удумлари билан ўзаро муштаракдир. Бу жиҳатлар кино санъати соҳасида ҳам намоён бўлмоқда.
Ольга Страда, италиялик киноижодкор:
– Кино мамлакатлар ўртасидаги ўзига хос кўприк саналади. У турли давлатларнинг бугунги ҳаёти, ҳозирги жараёнлар билан кенгроқ танишиш имконини беради. Италия кинематографлари Тошкент халқаро кинофестивалида олтита картинани тақдим этади. Улар ўзбекистонлик мухлисларга маъқул бўлади, деб умид билдираман. Мен яқиндагина Хива шаҳрида бўлиб ўтган Маданий меросга оид форумда қатнашдим. Жонли мулоқот бой самараларини беришига шу ҳафталик давомида ишонч ҳосил қилдим.
ЎзА мухбири Назокат Усмонова ёзиб олди.