Кимё – тараққиёт омили ва инновациялар манбаи
Илм-фан тараққиёти жамият ривожининг асосий омилларидан бири. Айниқса, кимё фани ишлаб чиқариш, саноат, экология ва кундалик турмушда муҳим ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Умумий ва ноорганик кимё институтида ўтказилган “Очиқ эшиклар куни” кимёнинг ҳаётимиздаги ўрни ва унинг амалий аҳамиятини кенг ёритишга хизмат қилди.
Тадбир давомида ушбу институт фаолияти, илмий тадқиқот йўналишлари ҳамда эришилаётган натижалар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Умуман олганда, кимё нафақат лаборатория шароитида олиб бориладиган илмий изланишлар билан чекланади, балки инсон ҳаётининг барча жабҳаларига бевосита таъсир кўрсатади. Айниқса, озиқ-овқат саноати ва ишлаб чиқаришда кимёнинг роли беқиёс экани алоҳида қайд этилди.
Бугунги кунда институт олимлари томонидан кондитер маҳсулотлари соҳасида инновацион ишланмалар олиб борилмоқда. Янги турдаги маҳсулотларни яратиш, уларнинг сифатини ошириш, таъми ва сақланиш муддатини яхшилаш борасида изланишлар давом этмоқда. Бу жараёнда кимёвий таркибни тўғри танлаш ва маҳсулот хавфсизлигини таъминлаш муҳим омил сифатида кўрилмоқда.
[gallery-28492]
Бундан ташқари, кимё фанининг маиший ҳаётимиздаги аҳамияти катта. Жумладан, оқартирувчи ва тозаловчи воситаларни ишлаб чиқишда кимёвий реакциялар муҳим ўрин тутади. Институтда яратилаётган янги экологик тоза маҳсулотлар самарадорлиги билан бир қаторда атроф-муҳитга зарар етказмаслиги билан ҳам ажралиб туради.
Мазкур тадбир кимё фанининг амалий аҳамиятини ҳам яққол намоён этди. Илмий изланишлар ва инновацион ишланмалар орқали инсон ҳаёти сифатини яхшилаш, экологик муаммоларни камайтириш ҳамда саноатни ривожлантириш мумкинлиги яна бир бор исботланди. Бундай тадбирлар эса илм-фанни оммалаштириш, ёшларни илмий фаолиятга жалб этиш ва келажак тараққиётига мустаҳкам замин яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
Ўктам Ҳайитов (сурат),
ЎзА