Кимларга солиқ имтиёзлари берилади?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида фракция аъзолари «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан электрон тижорат иштирокчиларига, уларнинг миллий реестрига киритилган ёки киритилмаганлигидан қатъи назар, фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича имтиёзлар берилиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерларга юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича имтиёзли давр уч йилдан беш йилга узайтирилиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, лойиҳа билан болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун даромад солиғи бўйича белгиланган имтиёз меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваридан 3 бараваригача оширилади.
Қизғин муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича таклифлар бериб, уни қўллаб-қувватладилар.
Йиғилишда яна бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА