Киев: “қийноқхона” ҳақидаги даъво ортида нима бор?
Киев яқинидаги Петропавловск-Боршчаговкада, Миллий гвардия ҳарбийлари жойлашган бино олдида оммавий тартибсизлик юз берди. Воқеага ижтимоий тармоқ орқали иншоот ертўласида ўнлаб эркак мажбуран сақланаётгани ва қийноққа солинаётгани юзасидан тарқатилган хабарлар сабаб бўлди. 2 ноябрь куни қарийб 100 киши тўпланган жойда полиция билан тўқнашув келиб чиқди, ўқ овозлари эшитилди ва ҳуқуқ-тартибот идоралари машиналарига зарар етказилди.
Хавфсизлик хизмати ҳодисада фаол қатнашган 100 нафарга яқин шахсни аниқлаган. Идора раҳбари ўринбосари Иван Рудницкий уларнинг айримлари уйида тинтув ўтказилаётгани, жиноий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилаётганига урғу берди. Бир аёл ҳам қўлга олинган. Терговчилар тартибсизлик ҳарбий қисмни рухсатсиз тарк этгани учун ушланган Миллий гвардия хизматчисини олиб қочиш мақсадида уюштирилганини тахмин қилмоқда.
Айни пайт бинода ҳарбийлар ёмон шароитда сақлангани, уларга нисбатан босим ўтказилгани бўйича даъволар текшириляпти. Ички ишлар вазири Иван Виговский бу жой қийноқхона бўлгани тўғрисидаги айбловни инкор этди. Давлат тергов бюроси ҳарбий мансабдорлар томонидан ваколат суистеъмол қилингани эҳтимоли юзасидан алоҳида иш очган.
Ҳодиса оқибатида тўрт нафар ҳарбий шифохонага ётқизилган. Украина Бош штаби ҳар қандай қонунбузарликка холис баҳо бериш ва ҳарбий хизматчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлади. Тергов давом этяпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА