Хориждан ҳам буюртмалар кўпаймоқда
Мамлакатимизда етиштирилаётган пахта жаҳон бозорида ўзининг юқори сифати, пишиқлиги ҳамда замонавий тўқимачилик саноати талабларига тўла жавоб бериши билан машҳур.
Мамлакатимизда етиштирилаётган пахта жаҳон бозорида ўзининг юқори сифати, пишиқлиги ҳамда замонавий тўқимачилик саноати талабларига тўла жавоб бериши билан машҳур. Бунга Президентимиз раҳнамолигида соҳани ислоҳ қилиш, янги технологияларни кенг жорий этиш асосида юқори сифатли пахта толаси олиш, уни сотишда бозор иқтисодиёти тамойиллари ва механизмларидан самарали фойдаланиш эвазига эришилмоқда.Анъанавий ўтказиб келинаётган Ўзбекистон халқаро пахта ярмаркаси мамлакатимизда етиштирилган пахта толасини сотиш ва қайта ишловчиларга бевосита етказиб беришда муҳим омил бўлаётир. Мазкур халқаро тадбир юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар самараси сифатида деҳқонларимиз етиштирган пахта толасини жаҳон бозорига олиб чиқиш, чет эллик шериклар билан бевосита алоқаларни кенгайтиришда янги имкониятлар яратмоқда. Фарғона вилоятидаги пахтани қайта ишлайдиган саноат корхоналари ҳам жаҳон бозорига рақобатбардош ва сифатли маҳсулотлар етказиб бермоқда.
Ўтган йили Марғилон шаҳридаги “Экспо коллор принтекс”, Фарғона шаҳридаги “Турон текстиль”, Учкўприк туманидаги “Ҳумо тўқимачи”, Риштон туманидаги “Риштон тўқимачи”, Олтиариқ туманидаги “Ҳамза Экспо арт текстиль” корхоналари ишга туширилиши натижасида 20 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш имконияти яратилди. Қува туманидаги “Қува текстили”, Данғара туманидаги “Мусаввартекс”, Бағдод туманидаги “Фергана спиннинг” корхоналарида модернизация ишлари амалга оширилди.
Ушбу ишлар туфайли 2014 йилда енгил саноат корхоналари томонидан 86 минг тонна пахта толаси қайта ишланди. Ҳудудда етиштирилаётган пахта толасини қайта ишлаш ҳажми 2008 йилдаги 45 фоиздан 2014 йилда 100 фоизга етганини жиддий ўсиш сифатида баҳолаш ўринлидир.
– Собиқ тузум даврида халқимиз ҳар йили миллион-миллион тонналаб пахта етиштиргани ҳолда тўқимачилик буюмлари асосан четдан келтирилар эди, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пахтакор, Тошлоқ туманидаги “Заркент саховати” фермер хўжалиги раҳбари Зебихон Рустамова. – Тўй-ҳашам, меҳмондорлик учун тузукроқ кийим анқонинг уруғи эди. Пахтадан тайёрланган маҳсулотни пахта нархидан камида ўн баробар қиммат харид қилишга мажбур эдик. Чунки юртимизда тайёр маҳсулот деярли ишлаб чиқарилмас, ўз пахтамиздан ишланган тайёр кийимни хориждан олардик. Бошқача айтганда, меҳнатимизнинг роҳатини бошқалар кўрар эди. Устига-устак, бизга асосан сунъий толадан тайёрланган буюмлар жўнатиларди. Бугун Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотлар наинки мамлакатимизда, балки кўплаб хорижий давлатларда ҳам харидоргир.
Мутахассисларнинг фикрича, вилоятда етиштирилаётган пахта хомашёсидан олинган тола ўта пишиқ ва сифатининг юқорилиги билан енгил саноатни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Қуёш нурига тўйиниб пишган толадан тайёрланган ип-калаванинг жаҳон стандартларига мослиги енгил саноат корхоналарида харидоргир тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини бераётир.
Бешариқ туманидаги “Бешариқ текстиль” Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонасида модернизация ишлари олиб борилиб, замонавий технологиялар билан тўлиқ жиҳозланди. Мамлакатимизда етиштирилган пахта толасидан халқаро талабларга мос сифатли ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Натижада 800 нафар қишлоқ ёшлари доимий иш билан таъминланди.
Шу кунларда корхонада 500 дан ортиқ турда трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётир.
– Корхонамиз йилига 7 минг тонна пахта хомашёсини қайта ишлаш қувватига эга, – дейди қўшма корхона директори М.Қобилов. – Жорий йилнинг ўтган даврида 15 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқардик. Маҳсулотларимиз сифати жаҳон талабларига жавоб бераётгани учун хорижий давлатлардан ҳам буюртмалар кўпаймоқда.