Хорижда ҳам харидоргир маҳсулот
Нурота туманидаги “Сўғдиёна нон” масъулияти чекланган жамияти қошидаги мевани қайта ишлаш цехида тайёрланаётган маҳсулотлар хорижда ҳам харидоргир.
Нурота туманидаги “Сўғдиёна нон” масъулияти чекланган жамияти қошидаги мевани қайта ишлаш цехида тайёрланаётган маҳсулотлар хорижда ҳам харидоргир.– Айниқса, мева қайласига хориждан кўп буюртма тушмоқда, – дейди корхона раҳбари Умид Қодиров. – Мевани қайта ишлаш цехини ташкил этишда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкидан олинган 6 миллиард сўмлик кредит маблағи қўл келди. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг жорий йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори фаолиятимиз ривожида муҳим аҳамият касб этаётир. Маҳсулот ўзимизнинг 500 гектарлик интенсив боғимизда етиштирилади. Жорий йил боғнинг 200 гектари тўлиқ ҳосил берди. Йил охирига қадар 2 минг тонна мева олиб, қайта ишлашни режалаштирганмиз. Айни пайтга қадар Буюк Британия ва Россияга 250 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Цехда меҳнат қилаётган 18 ишчининг асосий қисми ёшлардир.
Корхонада маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш ва экспорт географиясини кенгайтириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, келгуси йилдан Греция давлатига ҳам экспортни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига кўра, вилоятда жорий йилнинг биринчи яримида 121,1 миллиард сўмлик 1024 лойиҳа амалга оширилди. Бу 4 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш имконини берди.