Халқаро кузатувчилар кутиб олинмоқда
Парламентлараро муносабатларни янада мустаҳкамлаш, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси доирасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг Россия Федерацияси Федерал Кенгаши Раисининг ўринбосари, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси (ПА)нинг кузатувчилари узоқ муддатли миссияси раҳбари Ильяс Умаханов билан учрашуви бўлиб ўтди.
Парламентлараро муносабатларни янада мустаҳкамлаш, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси доирасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича фикр алмашилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Россия ва бошқа МДҲ давлатлари билан ўзаро ҳамкорлиги сифат жиҳатидан янги даражага чиқди. Ўзбекистон МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси доирасидаги ҳамкорлигини тиклади. Бу эса кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Томонлар кенг кўламли тайёргарлик кўрилаётган бўлажак парламент сайловининг аҳамиятига эътибор қаратди. Хусусан, И.Умаханов парламент сайлови Ўзбекистоннинг демократик ривожланиш йўлида янги босқичга кўтарилишини қайд этди.
* * *
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курманов парламент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Қирғизистон Республикаси Сайловлар ва референдумларни ўтказиш бўйича марказий комиссияси раиси Нуржан Шайлдабекова билан учрашди.
Икки қўшни давлат ўртасида савдо-иқтисодий, инвестиция ва маданий-гуманитар йўналишлардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва юқори босқичга кўтариш, парламентлараро алоқаларни янада кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди, ҳамкорлик кўлами барча йўналишларда кенгайди.
Томонлар бу галги сайлов кампанияси очиқлиги ва шаффофлиги кучайгани, сайловчилар ва номзодларнинг мулоқоти кенгайиб бораётгани, жамоатчиликнинг сайловларга нисбатан қизиқиши ортгани билан фарқ қилиши ҳақида ўз фикрларини билдирди. Ўзбекистонда қонунчилик органлари томонидан сайлов ҳуқуқи ва жараёнига киритилган катта ўзгаришлар юқори баҳоланди.

* * *
Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси аъзоси Раҳматулла Назаров парламент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун ташриф буюрган Таиланд Миллий ассамблеяси юқори палатаси сенатори Ютогорн Вонгвиан билан учрашди.
Томонлар Ўзбекистон ва Таиланд қироллиги ўртасида бу каби дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни фаол ривожлантириш келгусида ўз самарасини беришини алоҳида таъкидлади. Давлатлараро бундай дўстона алоқалар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани борасида сўз юритилди.
Фахрий меҳмон мамлакатимизга илк бор ташриф буюргани, олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимой-иқтисодий ислоҳотлар катта таассурот қолдиргани тўғрисида илиқ фикр билдирди.
Қайд этилганидек, бу галги сайловлар Ўзбекистоннинг очиқ сиёсатини ёрқин ифода этиб, халқнинг парламент янги таркибини шакллантиришдаги фаоллигини намоён этади. Усайлов жараёнида ёшлар фаол иштирок этиши, сайлов кампаниясига холисона баҳо бериш муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Унинг фикрича, мазкур сиёсий тадбир чинакам демократик давлат йўлида турган Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўсини мустаҳкамлашга хизмат қилади.