Кесилган 16 туп терак учун 45 миллион сўмдан ортиқ жарима ундирилмоқда
Сурхондарё вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси экополиция ходимлари жамоатчи инспектор ҳамкорлигида Қумқўрғон туманида тезкор рейд тадбири ўтказиб, дарахтларни ғайриқонуний кесган кушандага тегишли жазо қўллади.
Тадбир чоғида Жарқўрғон туманининг Халқобод маҳалласида яшовчи Ҳалим Жовлиев (исм-шариф ўзгартирилди) Қумқўрғон туманидаги Боймоқли маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи ариқ четида ўсиб турган 16 туп бақа терак дарахтини тегишли рухсатномасиз, ноқонуний кесиб олгани маълум бўлди.

Ҳолат юзасидан табиат жонкуярлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси 1-қисми билан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Ҳалим Жовлиевга 11 миллион сўм маъмурий жарима жазоси қўллади. Шунингдек, у ноқонуний дарахт кесилиши оқибатида табиатга етказилган 34 миллион 320 минг сўм зарарни ҳам тўлаши белгиланди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА