«Келажак учун хорижий тил» лойиҳасининг ижобий натижалари
«Келажак учун хорижий тил» лойиҳаси доирасида 10 минг нафардан ортиқ ўқувчи хорижий тил бўйича миллий сертификатга эга бўлди.
Маълумки, 2025 йил декабрь ойидан бошлаб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Тошкент шаҳридаги барча умумтаълим мактабларида «Келажак учун хорижий тил» лойиҳаси йўлга қўйилган эди.
«Тошкент тажрибаси» сифатида 2025-2026 ўқув йилида бошланган мазкур лойиҳа доирасида пойтахтимиздаги барча умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган 40 минг нафарга яқин 11-синф ўқувчиларининг хорижий тил бўйича билим ва малакаси оширилди.
Хусусан, ўқувчиларнинг тил билиш даражаларини аниқлаш мақсадида махсус имтиҳонлар ўтказилди. Шундан сўнг, синовлар натижалари таҳлил қилиниб, ўқувчилар турли даражалардаги гуруҳларга ажратилди ва хорижий мутахассислар иштирокида бепул машғулотлар ташкил этилди.
Шу билан бирга, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги билан ҳамкорликда мазкур ўқувчилар хорижий тилларни ўрганиш даражасини аниқлаш бўйича миллий сертификат синовларидан ўтказилди.
Натижада Тошкент шаҳридаги 10 минг 106 нафар 11-синф ўқувчиси (инглиз тили бўйича) B1 ва ундан юқори даражадаги миллий сертификатларни қўлга киритди.
Айтиш керакки, 2025 йил декабрь ойида хорижий тил сертификатларига эга ўқувчилар сони 2 минг 970 нафар бўлган бўлса, 2026 йил 1 июль ҳолатига кўра, уларнинг сони 17 минг 515 нафарга етди (бу кўрсаткич қарийб 6 баробар кўп).
2025-2026 ўқув йили давомида мамлакатимиз бўйича 1 минг 518 нафар хорижий тил мутахассислари жалб этилган бўлса, янги ўқув йилидан бошлаб уларнинг сонини 2 минг нафардан ошириш режалаштирилган.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълумотларига кўра, 2026-2027 ўқув йили учун чет тиллари бўйича миллий ёки халқаро сертификатга эга абитуриентлар сони 125 минг 354 нафарни ташкил этмоқда.
Олий ва касбий таълим муассасаларига кириш учун ҳужжат топширган ҳамда барча фанлардан миллий ёки халқаро сертификатга эга қарийб
13 минг нафарга яқин абитуриентлар эса тест синовларидан озод қилинди.
Н.Усмонова, ЎзА