Келажак муҳандислари: назариядан ишлаб чиқаришгача
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Келажак муҳандислари” Республика танлови натижалари эълон қилинди. Мазкур танлов истиқболли муҳандислик, илмий-техник ва инновацион ишланмаларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларни амалиётга жорий этишга қаратилган.
Танловнинг якуний босқичида Олмалиқ давлат техника институти вакиллари ҳам иштирок этиб, институт олим ва тадқиқотчилари қатор совринли ўринларни эгаллади ҳамда давлат раҳбари томонидан таъсис этилган мукофотларга сазовор бўлди.
Профессор-ўқитувчилар таркиби ўртасида «Энг яхши ихтиро» номинациясида биринчи ўринни марганец ва темирни пўлат эритиш шлакларидан ажратиб олиш технологияси эгаллади. Таъкидлаш жоизки, мазкур инновацион ишланма қатор маҳаллий ва хорижий корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёнига, жумладан, Туркиянинг «DEMIR GROUP» компаниясида жорий этилган.


Шунингдек, марганецни селектив ажратиб олишнинг гидрометаллургик жараёнларини сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда оптималлаштиришга қаратилган яна бир ишланма юқори баҳоланди.
Амалиётчи муҳандислар ўртасида «Энг яхши ихтиро» номинациясида олий таълим муассасаси вакиллари томонидан тақдим этилган яна бир ишланма учинчи ўринни эгаллади.
Эътироф этилган ишланмалар қаторида замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда болғали майдалагичларнинг эксплуатация муддатини ошириш ва уларни қайта тиклаш технологияси ҳам ўрин олди.
Тақдим этилган лойиҳалар металлургия чиқиндиларини қайта ишлаш, ишлаб чиқариш жараёнларида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, шунингдек, саноат ускуналарини такомиллаштириш каби йўналишларни қамраб олган бўлиб, республикада замонавий муҳандислик ишланмаларининг амалий йўналтирилганлигини намоён этди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА