Келажак боғини яратган олима
Ёшларимизнинг баркамол авлод бўлиб вояга етиши, бу борада айниқса, уларнинг пухта билим эгаллашида ўқитувчи ва мураббийларнинг ўрни беқиёс, албатта.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг қишлоқ хўжалик машиналари кафедраси профессори Муҳайё Шаумарова ҳам кўп йиллардирки, мамлакатимизда таълим тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, соҳага доир ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ва юқори малакали кадрларни тайёрлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
М.Шаумарова 1939 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1956 йил ўрта мактабни, 5 йил ўтиб ўзи фаолият юритаётган институтни муваффақиятли тугатиб, ушбу институтда ўқитувчилик қила бошлади. У институтдаги энг фаол мураббийлар қаторидан ўрин олди. Жамоат ишларида фаол қатнашиб, нуронийлар ва аёллар кенгашида фаол ишлади. Унга институтда хизмат кўрсатган доцент фахрий унвони берилди.
М.Шаумарова илмий, методик ишлар билан фаол шуғулланиб келмоқда. Шу кунга қадар унинг 250 дан ортиқ илмий мақолалари, методик ишлари чоп этилган, ихтиро гувоҳномаларини олган.
Қаҳрамонимиз ўзбек тилининг ривожланишига ҳам муносиб ҳисса қўшган. Жумладан, Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилгандан сўнг, илгари фақат рус тилида ўқитилган “Қишлоқ хўжалиги машиналари” фанини давлат тилида ўқитиш муаммо бўлиб қолган. Сабаби ўзбек тилида ёзилган дарсликлар йўқ эди. Бу муаммони ечиш учун М.Шаумарова ўзбек тилида бир нечта дарслик ва ўқув қўлланмаларини яратди. Мазкур дарсликларнинг иккинчи ва учинчи нашрлари ҳам яратилиб, республикамиздаги қишлоқ хўжалиги институтлари ва техника университетларида асосий манба сифатида илмий ходимлар ҳамда доктарантларни ўқитиш учун фойдаланилмоқда. Дарсликнинг иккинчи нашри 2011 йил “Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи” Республика танловида ғолиб, деб топилган.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтидан М.Шаумарова ҳақида сўрасангиз унга билимдон тадқиқотчи, ўзига ҳамда ҳамкасбларига нисбатан ўта талабчан механизатор олима, камтарин, меҳнатсевар инсон ва ёшларнинг ғамхўр мураббийси, деган талқинни эшитасиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 30 сентябрдаги “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, М.Шаумарова «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди.
– Бу мукофот менинг тимсолимда таълим-тарбия ишларини олиб бораётган, давлатимизнинг аграр ва таълим сиёсатидаги барча қарор ва фармонлар ижросини бажараётган барча ҳамкасбларим учун берилган, деб ўйлайман, – деди Муҳайё Шаумарова. – Касбим “Қишлоқ хўжалигини механизациялаш” ихтисослиги бўйича инженер-механик. Ҳозирги даражага эришишимда, аввало, ота-онам, мактабда илм берган, институтда тўғри йўналиш берган ўқитувчиларим, илм-фан йўлига етаклаган устозларим, академик Муҳаммад Ўразбоев, Васил Қобулов, Алексей Мошков, Алексей Глущенко, Салим Пўлатовнинг хиссаси катта. Устозлар ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиб, билмаганига ўргатиб, билим бериб кўкларга парвоз қилдиради.
Муҳайё опа 4 ўғилнинг онаси. Турмуш ўртоғи билан бахтли ҳаёт кечириб, фарзандларини Ватан корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказди. Ҳозирда улар ҳам ота-оналари қаторида мамлакатимиз равнақи йўлида турли соҳаларда фидокорона меҳнат қилиб келмоқда.
Олима келажак авлодга билим бериш, муносиб оила бекаси бўлиш билан бирга, катта боғ яратиб боғ бурчагида паррандачилик ва балиқчиликни ҳам йўлга қўйган. Бу боғда барқ урган 50 туп олмадан тортиб, гилос, шафтоли, хурмо, узум ва смародина каби меваларни парваришламоқда.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА