Кексалари эъзозланган юртнинг келажаги порлоқ бўлади
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан “Нуроний” жамғармаси республика бошқарувида “Кексалари эъзозланган юрт – келажаги порлоқ” мавзуида тадбир ўтказилди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан “Нуроний” жамғармаси республика бошқарувида “Кексалари эъзозланган юрт – келажаги порлоқ” мавзуида тадбир ўтказилди.
Унга нуронийлар, фахрийлар, ижодкор зиёлилар, фаол ёшлар таклиф этилди.
Тадбирда маҳалла ва оилани қўллаб- қувватлаш вазири ўринбосари, сенатор, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев мамлакатимизда кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг жамият ҳаётида фаол қатнашиши учун шароитлар яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан кекса ва фахрийларнинг жамият ҳаётидаги роли ва ўрнига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
БМТ Бош Ассамблеясининг 1990 йил 14 декабрдаги резолюцияси билан эълон қилинган “1 октябрь – Халқаро кексалар куни”ни мамлакатимизда муносиб нишонлаш учун октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланди. Шу муносабат билан ҳафталик доирасида юртимизнинг барча худудларида кексаларни улуғлашга доир маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. “Кексалик – ҳаётнинг ажиб фасли” мавзусида кўргазмалар, “Бобом, бувим ва мен – китобхон оила”, шиори остида китобхонлик акциялари, маҳаллаларда “Кекса авлод оилавий ажримларга қарши”, “Биз бор жойда жиноятга ўрин йўқ” мавзуида тарғибот тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Бугунги кунда юртимиз бўйича профилактик ҳисобга олинган нотинч, ноқобил оилаларга 22331 нафар фаол нуроний онахон, ҳожи ота ва ҳожи оналар бириктирилган. Кексаларнинг панду насиҳатлари фарзанд тарбиясига беэътибор ота-оналарга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Нуронийлар иштирокида 3148 оила яраштирилди.
Тадбирда маҳалла ҳаёти, ёшлар таълим-тарбияси ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш борасида фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ нуронийлар вазирлик ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўзбекистон халқ артистлари Теша Мўминов, Галина Мельникова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Муқаддас Абдусаматова ва таниқли олима, меҳнат фахрийси Мукаррам Муҳиддинова юртимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган иззат-икромдан мамнун эканини изҳор этди.
Эл суйган санъаткорларнинг чиқишлари тадбирга файз бағишлади.

