Кассетали ўқ-дори атрофида мунозара...
Россия-Украина
Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак Қўшма Штатлар томонидан билдирилган Украинага кассетали ўқ-дори етказиб бериш таклифига сассиз рози бўлди. Бу ҳақда “The Times” АҚШ Президенти Жо Байден билан кечган музокара якуни бўйича чиқарган мақолада келтирилган.
Нашр таъкидлашича, Британия 2008 йил кассетали ўқ-доридан фойдаланишни тақиқловчи конвенцияга қўшилган ва мазкур ҳужжатни ратификация қилган.
Швейцария кассетали ўқ-дори тақиқланишини қўллаб-қувватлайди ва барча мамлакатларни бундай қуролдан фойдаланмасликка чақиради, деб баёнот берди мамлакат ТИВ расмий вакили Пьер Ален Эльчингер.
“Қўшма Штатларнинг шу хусусдаги баёноти маълумот учун қабул қилинди. Асосий ёки номутаносиб ҳужум тақиқланган ва бу халқаро гуманитар ҳуқуқнинг жиддий бузилиши ҳисобланади” – қўшимча қилди дипломат.
Германия мазкур тақиқ билан боғлиқ конвенция қатнашчиси, шунинг учун “биз бу ишни қила оламиз, деб айта олмайман”, деди мамлакат канцлери Олаф Шольц.
Қўшма Штатлар томонидан Украинага кассетали ўқ-дори масъулиятсизлик билан етказиб берилиши зиддият ҳудудида гуманитар муаммони юзага чиқаради. Бу ҳақда ХХР ТИВ расмий вакили Мао Нин баёнот берди.
АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ таҳлилчиси Ларри Жонсон фикрича, Украина қўшинлари қурол-аслаҳаси қишга бориб тугайди. Кейин Ғарб етарли даражада қўллаб-қувватламаслиги боис, ушбу мамлакат мағлубиятга учрайди.
“Декабрдан кейин Киевни нима кутаётгани номаълум”, деган у.
Украина Президенти Владимир Зеленский НАТОнинг Вильнюс саммитида Киевга қурол-яроқ ва ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими воситалари етказиб берилиши масаласини муҳокама қилмоқчи. Бу хабар ижтимоий тармоқ орқали тарқатилган. Вильнюсда давлат раҳбари Европа мамлакатлари, АҚШ, Канада ва Япония етакчилари билан учрашув ўтказиши кутиляпти.
“Financial Times” НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергнинг “Украинанинг Альянсга қўшилиши эҳтимоли 2008 йилга нисбатан анча яқин”, деган сўзларини иқтибос қилиб келтирган.
“Албатта, кун келиб, Киев Шимолий Атлантика иттифоқига қўшилади. НАТОга аъзо давлатларнинг бу хусусдаги фикри якдил”, қўшимча қилган Столтенберг.
АҚШ ҳукумати декабрь ойига бориб, Киевга Москва билан музокара ўтказиш таклифини бериши мумкин, деб ёзди ҳарбий манбаларга таяниб, “El Periodico” нашри.
Мақолада “бу вақтга келиб Украинанинг қарши ҳужуми қандай натижа бергани маълум бўлиб қолади”, дейилади хабарда.
Корея Республикаси Украинага турли қурол-яроқ ва техника ашёларидан иборат ҳарбий ёрдам жўнатди, деб ёзган Миллий мудофаа вазирлигига таяниб, “Yonhap” агентлиги. Шу куни Президент Юн Сок Ёль НАТО саммитида иштирок этиш учун Вильнюсга етиб борган.
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған баёнотига кўра, зиддият тугагач, Украина енгиллаштирилган жараён асосида НАТОга қабул қилинади.
“Вильнюсда НАТО – Украина кенгашининг илк йиғилиши режаланган, бу Шимолий Атлантика альянси ва иттифоқдошлар Киевни қўллаб-қувватлашини намойиш этади”, деди давлат раҳбари.
Аброр ХОН, ЎзА