Касбий тайёргарликдан масъулиятли хизмат сари
Олмалиқ шаҳрида Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти Касбий тайёргарлик факультети тингловчиларининг навбатдаги битирув маросими бўлиб ўтди.
Ички ишлар органлари тизимида хизмат қилиш — нафақат касбий билим ва маҳорат, балки юксак масъулият, қатъият ва халқ ишончини оқлашни талаб этадиган шарафли бурч. Шу боис соҳада малакали кадрлар тайёрлаш, уларнинг назарий билими ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг Олмалиқ шаҳридаги ўқув базасида ўтказилган навбатдаги битирув маросими ҳам ана шу эзгу мақсад йўлидаги муҳим босқич бўлди.

Тантанали тадбирда Вазирлик масъул ходимлари, Институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, ички ишлар органлари фахрийлари, жамоатчилик вакиллари, ота-оналар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Унда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ички ишлар органлари тизимини такомиллаштириш, ходимларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш ва хизмат самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, бугунги ички ишлар органлари ходими ўз касбининг моҳир устаси бўлиш билан бирга, фуқаролар билан самарали мулоқот қила оладиган, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини устувор қадрият деб биладиган, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга профессионал мутахассис бўлиши лозим.

Институтдаги таълим жараёнлари ҳам айнан шу талаблардан келиб чиқиб ташкил этилган. Касбий тайёргарлик факультетида “Йўл-патруль фаолияти”, “Патруль-пост хизмати фаолияти”, “Паспорт тизимини таъминлаш фаолияти”, “Махсус операцияларни амалга ошириш фаолияти” ҳамда “Жазони ижро этиш фаолияти” йўналишлари бўйича беш ойлик махсус ўқув дастурлари асосида кадрлар тайёрланмоқда.
Таълим жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигига устувор аҳамият берилди. Машғулотлар Институт профессор-ўқитувчилари ва соҳавий хизматларда кўп йиллик амалий тажриба тўплаган ходимлар ҳамкорлигида олиб борилди. Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, интерактив таълим усуллари, давра суҳбатлари, баҳс-мунозаралар, семинар-тренинглар ва амалий машғулотлар орқали тингловчиларнинг мустақил фикрлаши, вазиятни тўғри баҳолаши ҳамда тезкор ва асосли қарор қабул қилиш кўникмалари ривожлантирилди.

Беш ойлик ўқув жараёни якунида дастурларни тўлиқ ўзлаштириб, якуний синов ва имтиҳонларни муваффақиятли топширган 225 нафар тингловчига “кичик сержант” махсус унвони ва дипломлар тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, ўқиш давомида юқори натижаларга эришган, касбий билим ва амалий кўникмаларини оширишга интилиши, интизоми ҳамда намунали хулқи билан тенгдошларига ўрнак бўлган бир гуруҳ битирувчилар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Зеро, бугун таълим муассасасини тамомлаётган ёш мутахассислар зиммасига фақат хизмат вазифаларини бажариш эмас, балки жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлашдек юксак масъулият ҳам юкланади. Шу тариқа, 225 нафар битирувчи учун янги ҳаёт ва хизмат босқичи бошланди. Энди уларнинг касбий салоҳияти, масъулияти ва фидойилиги халқ осойишталиги йўлидаги амалий фаолиятида намоён бўлади.
А.Мусаев,ЎзА