Касбий таълимда “Самарқанд эффекти”: кўп йиллик тажриба ва натижалар
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” миллий касбий маҳорат танловида Самарқанд вилояти вакиллари 24 та совринли ўринни эгаллади.
Баъзан бир йиллик натижа ортида ўнлаб йиллик меҳнат, минглаб инсонларнинг саъй-ҳаракати ва бутун бир ҳудуднинг ҳамжиҳатлиги мужассам бўлади. 2026 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” миллий касбий маҳорат танловида Самарқанд вилоятининг Республика миқёсида қайд этган юқори натижалари ана шундай изчил меҳнат ва тизимли ислоҳотларнинг амалий самараси бўлди.
Республика босқичида Самарқанд вилояти иштирокчилари 24 та совринли ўринни, жумладан, 5 та биринчи, 13 та иккинчи ва 6 та учинчи ўринни қўлга киритди. Бу рақамлар оддий статистика эмас. Уларнинг замирида йиллар давомида шаклланган сифатли таълим, самарали бошқарув, ишлаб чиқариш билан мустаҳкам ҳамкорлик ва жамоавий масъулият мужассам.
Самарқанд вилоятида касбий таълим тизимини такомиллаштириш ишлари бир кунда шаклланган эмас. Ўтган ўн йилдан зиёд вақт мобайнида Германия, Жанубий Корея, Хитой, Россия, Беларус ва Қозоғистон каби давлатларнинг илғор тажрибалари ўрганилиб, улар маҳаллий шароит ва меҳнат бозори эҳтиёжларига мос ҳолда босқичма-босқич жорий этилди.
Айниқса, WorldSkills стандартлари асосида амалий кўникмаларни баҳолаш, иш берувчилар иштирокида демонстрацион имтиҳонларни ташкил этиш, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш бўйича Самарқандда бошланган ташаббуслар бугун ўзининг амалий натижасини бермоқда.
Самарқанд эффекти нимада?
Самарқанд вилоятининг бугунги муваффақияти тасодиф эмас. Уни шартли равишда “Самарқанд эффекти” деб аташ мумкин.
Бу алоҳида бир муассаса ёки бир неча мутахассиснинг эмас, балки бутун вилоятда шаклланган ҳамжиҳатлик, ўзаро ишонч ва тизимли ҳамкорлик маданиятининг маҳсулидир.
Касбий таълимни ривожлантиришда нафақат таълим муассасалари, балки вилоят ҳокимлиги, иқтисодий тармоқлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, саноат ва қурилиш ташкилотлари, қишлоқ хўжалиги ҳамда ижтимоий соҳалар, тадбиркорлар ва иш берувчиларнинг ҳамкорлиги муҳим ўрин тутди.

Хусусан, вилоят ҳокими раҳбарлигидаги Тадбиркорлар кенгаши фаолияти натижасида таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бу эса дуал таълимни кенгайтириш, ишлаб чиқариш амалиёти сифатини ошириш ва битирувчиларнинг меҳнат бозорига рақобатбардош ҳолда кириб келишида муҳим омил бўлди.
Халқаро тажриба – тараққиёт омили
Самарқанд вилояти педагоглари ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг хорижий мамлакатларда малака ошириши, халқаро экспертлар иштирокида семинар ва маҳорат дарсларининг мунтазам ташкил этилиши таълим мазмуни ва сифатини янги босқичга олиб чиқди.

Энг муҳими, илғор хорижий тажриба тайёр андоза сифатида эмас, балки маҳаллий шароит, миллий таълим тизими ва иш берувчилар эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда татбиқ этилди. Шу боис бугун Самарқанд тажрибаси мамлакатнинг бошқа ҳудудлари учун ҳам амалий намунага айланиб бормоқда.
Ютуқлар билан бирга масъулият ҳам ортади
Ҳар қандай танлов нафақат эришилган ютуқларни, балки янада ривожлантириш талаб этиладиган йўналишларни ҳам кўрсатади.
Бу йилги натижалар таҳлили айрим компетенциялар бўйича тайёргарлик даражасини ошириш, моддий-техник базани янада мустаҳкамлаш, мураббийлар салоҳиятини юксалтириш ҳамда халқаро стандартларга мос ўқув дастурларини такомиллаштириш зарурлигини кўрсатди.
Бу ҳолатни камчилик сифатида эмас, балки кейинги тараққиёт учун янги имконият деб қабул қиламиз. Ҳар бир компетенция кесимида чуқур таҳлиллар ўтказилиб, аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда. Бу эса келгуси йилларда янада юқори натижаларга эришиш учун мустаҳкам замин яратади.
Самарқанднинг энг катта ютуғи – ҳамжиҳатлик
Эришилган натижаларнинг энг муҳим жиҳати шундаки, бу ютуқ бир неча ғолибнинг эмас, бутун тизимнинг муваффақиятидир.
Унда техникум директорларининг ҳам, педагог ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг ҳам, корхона раҳбарлари ва тадбиркорларнинг ҳам, ота-оналарнинг ҳам, энг муҳими, билим олишга интилган ёшларимизнинг муносиб ҳиссаси бор.
Ана шу ҳамжиҳатлик, ўзаро ишонч ва ягона мақсад сари интилишни биз “Самарқанд эффекти” деб атаймиз.
Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакат тараққиётининг асосий омили – билимли, малакали ва замонавий фикрлайдиган инсон капиталидир.
Самарқанд вилоятида касбий таълим соҳасида эришилган бугунги натижалар ана шу эзгу мақсад йўлида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар ва кенг қамровли ҳамкорликнинг амалий ифодасидир.
Шу билан бирга, биз эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмаймиз. Танлов давомида аниқланган камчиликлар ва заиф йўналишлар бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилиб, ҳар бир компетенцияни янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилади. Чунки рақобат муҳити доимий янгиланиш ва узлуксиз такомиллашишни талаб этади.
Энг муҳими, бугунги муваффақият бирор ташкилот ёки алоҳида жамоанинг эмас, балки бутун Самарқанднинг умумий ютуғидир.

Фурсатдан фойдаланиб, касбий таълим тизимини ривожлантиришга доимий кўмак кўрсатаётган Самарқанд вилояти ҳокимлигига, давлат ва жамоат ташкилотларига, иш берувчиларга, тадбиркорларга, хорижий ҳамкорларга, техникумлар жамоаларига, фидойи педагогларга ва иқтидорли ёшларимизга самимий миннатдорчилик билдирамиз.
Ишончимиз комилки, бугунги ҳамжиҳатлик, ўзаро ишонч ва масъулиятли ҳамкорлик келгусида ҳам Самарқанд вилоятининг нафақат касбий таълим соҳасида, балки ижтимоий-иқтисодий тараққиётида янги ютуқларга эришишига мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Азизбек Насимов,
Самарқанд вилояти касбий таълим бошқармаси бошлиғи.
ЎзА