Касбий таълим фидойилари эъзозланди
Самарқанд вилояти касбий таълим бошқармаси томонидан 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди. Тадбирга тизимда узоқ йиллар меҳнат қилиб, ёш авлоднинг касбий кўникмаларини ошириш, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган касб-ҳунарли ёшларни камолга етказишда фидойилик кўрсатган устоз-мураббийлар таклиф этилди.
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Ҳусан Тўхтаев, вилоят касбий таълим бошқармаси бошлиғи Азиз Насимов йиғилганларни ва улар орқали тизимда фаолият юритаётган барча устоз ва мураббийларни байрам билан қутлаб, касбий таълимнинг мамлакат иқтисодиётидаги муҳим ўрнини алоҳида таъкидлади.
[gallery-31656]
Тадбирда соҳада самарали меҳнат қилиб, тизим ривожига ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийларга олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг “Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси” кўкрак нишонлари топширилди.
– Олти йилдан буён сартарошлик йўналиши бўйича амалиёт раҳбариман, – дейди Нуробод туманидаги 2-техникум ишлаб чиқариш таълими устаси Зебинисо Турдибоева. – Ҳозирда маиший хизматлар соҳасига талаб жуда юқори. Сартарошликни ўрганиш истагида бўлганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилмоқда. Техникумда уларга касб сирларини мукаммал ўргатиш учун зарур шароит етарли. Шунинг учун бўлса керак, “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касблар фестивалида ўқувчиларимиз муваффақиятли иштирок этиб, пул мукофотларини қўлга киритди. Меҳнатимиз эътироф этилиб, “Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси” кўкрак нишонига лойиқ кўришганидан хурсандман.
– Ўн беш йиллик иш фаолиятим давомида мингдан ортиқ ўқувчиларни касбга йўналтирдик, – дейди Абу Али ибн Сино номидаги Пайариқ тумани жамоат саломатлиги техникуми катта ўқитувчиси Дилдора Йўлдошева. – Ҳар йили соҳамизга оид танловларда фаол қатнашамиз. Бу йил “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танловининг республика босқичида ўқувчимиз Мухлиса Усмонова иккинчи ўринни эгаллади. Танловда ўқувчим ғолиб бўлгани учун менга 33 миллион, ўқувчимга 6 миллион сўм пул мукофоти берилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари