Касб ва хорижий тилларни ўргатиш ишлари янги босқичга кўтарилади
Андижон вилояти Бобур шаҳрида хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни чет тиллари ва касб-ҳунарга мақсадли ўқитиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, вилоятдаги мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, хусусий бандлик агентликлари вакиллари, техникум директорлари, йирик тадбиркорлар иштирок этган йиғилишда халқаро меҳнат бозорида малакали ишчи кучига бўлган талаб ортиб бораётгани таъкидланиб, хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни чет тиллари ва аниқ касбларга мақсадли тайёрлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.


Бу борада касбий таълимни тил ўрганиш билан уйғунлаштириш, хорижий иш берувчилар буюртмаларини техникумлардаги ўқув дастурларига интеграция қилиш, шунингдек, йирик тадбиркорлар, техникумлар ва тил ўргатиш марказлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги, бунинг натижасида битирувчиларнинг нафақат касбий малакаси, балки хорижий тилларни билиш даражасини янада ошиши айтиб ўтилди.
Шунингдек, йиғилишда хорижий компаниялар эҳтиёжидан келиб чиқиб, айрим техникумларни танлаб олиш, уларнинг ўқув дастурларини иш берувчилар талабларига мослаштириш ва йирик тадбиркорлар бошқарувига бериш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Бу борада амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири