Касб таълими бўйича тажриба алмашилди
Жиззах вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов раҳбарлигидаги иқтисодий комплекс вакиллари Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, Нукус шаҳридаги 1-сон техникум фаолияти билан яқиндан танишди.
Учрашувда профессионал таълим муассасасида ёшларга замонавий касб ва мутахассисликларни ўргатиш, уларни меҳнат бозори талабларига мос кадрлар сифатида тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича ўрганилди.


Техникумда ўқув жараёнининг амалий йўналтирилганига алоҳида эътибор қаратилган. Ўқув хоналари ва амалий машғулот устахоналарининг жиҳозланиши, талабалар учун яратилган шарт-шароитлар, таълим сифати ва касбий кўникмаларни шакллантириш жараёни кўздан кечирилди.


Шунингдек, таълим муассасасининг корхона ва ташкилотлар, иш берувчилар билан ҳамкорлиги ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, дуал таълимни самарали ташкил этиш, талабаларнинг назарий билимларини ишлаб чиқаришдаги амалий кўникмалар билан уйғунлаштириш, битирувчиларни муносиб иш ўринларига йўналтириш борасидаги тажрибалар ўрганилди.

Ўрганиш якунида ҳудудларда профессионал таълимни янада ривожлантириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири