Картошкачиликнинг ривожи бозор нархларида акс этмоқда
Республика аҳолисининг картошкага бўлган талабини қоплаш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида жорий мавсумда тупроқ-иқлим шароитини инобатга олган ҳолда ички имкониятлардан келиб чиқиб, 238 минг гектар асосий майдонларга картошка экилди.
Куни кеча бозорларни айланиб юриб картошканинг нархини сўрадим. Ўртача картошканинг нархини “4.5 минг сўм, яна тушириб бераман”, деди сотувчи. Эрта баҳорги нархлардан деярли икки баробар тушган. Албатта, бунинг ортида соҳадаги тизимли ислоҳотлар, машаққатли меҳнат ва илмий изланишлар ётибди.
Ўтган йиллардан хулоса қилган ҳолда, жорий йилда биринчи навбатда ҳудудларнинг тупроқ иқлим шароитидан келиб чиқиб, Самарқанд, Жиззах, Тошкент, Қашқадарё, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларига асосий эътибор қаратилди.
Асосий майдонларга фермер хўжаликларида картошкани жойлаштириш “Agroplatforma” дастури орқали амалга оширилиб, 27.7 мингта хўжалик субъектлари бўйича маълумотлар дастурга киритилди ва молиялаштириш учун тижорат банкларига юборилди. Уруғлик картошка хариди учун 90.1 млрд сўм ажратилди.
Республика аҳолисининг картошкага бўлган талабини қоплаш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида жорий мавсумда тупроқ-иқлим шароитини инобатга олган ҳолда ички имкониятлардан келиб чиқиб, 238 минг гектар асосий майдонларга картошка экилди.
Асосий майдонларга 2025 йил ҳосилидан (4 минг тонна хориждан келтирилиб экилган элита уруғ) жамғарилган 34 минг тонна (Р1) ва “Ўзагростар холдинг” компанияси (2 минг тонна) ва маҳаллий импортёрлар (4 минг тонна) томонидан хориждан келтирилган 6 минг тонна (элита), жами 40 минг тонна сифатли уруғликлар устамаларсиз картошка етиштирувчиларга етказиб берилди.
Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимликлар томонидан танлаб олинган 35 та импортёр корхоналар томонидан 51 минг тонна етишмайдиган уруғлик картошка етказиб бериш ташкил этилди.
Ҳудудларда картошка экиш ишларининг ҳолатини ўрганиш ҳамда жадаллаштириш мақсадида ишчи гуруҳи ташкил этилиб, ҳудудларга чиққан ҳолда ўрганишлар олиб борилди. Улар томонидан барча туманларда картошка экишни ташкил этиш юзасидан ўқув-амалий семинарлар ўтказилди, экиш ва агротехник тадбирлар бўйича йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан соҳага алоқадор барча масъул ходимларга тегишли топшириқ ва тавсиялар бериб борилди.

Асосий майдонлардан май — сентябрь ойларида 3.3 млн тонна картошка етиштириш прогноз қилинган бўлиб, бугунги кунгача ҳудудларда 2 млн тонна картошка етиштирилди ва июль-сентябрь ойларида яна қўшимча 1.3 млн тонна ҳосил йиғиб олиш режалаштирилмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, аҳоли истеъмоли учун май – октябрь ойларида 2.5 млн тонна ва келгуси йил ҳосили учун уруғликка 400 минг тонна жами 3 млн тонна картошка истеъмол қилинади ва 325 минг тонна ортиқча картошка етиштирилиши кутилмоқда.
Бугунги кунда деҳқон бозорларида картошканинг ўртача нархи, улгуржи – 3000 – 3 500 сўмни, чакана – 4 500 - 5000 сўмни ва савдо марказларида – 5 500 - 6000 сўмни ташкил этмоқда.
Шу билан бирга, ҳудудларда картошка етиштирувчи субъектлар томонидан далада ўртача 3 000 -3200 сўмдан, ихтисослашган туманларда эса 2 200-2 800 сўмдан сотилмоқда. Ихтисослашган туманларда 2025 йилга нисбатан 400 сўмдан 1200 сўмгача арзонлаган.
Жорий йил январь-июнь ойларида ички бозорни тўлдириш мақсадида хориждан (Қозоғистон, Покистон, Қирғизистон, Афғонистон, Россия, Эрон, Белоруссия) 22.6 млн долларлик 403.4 минг тонна (2025 йилга нисбатан -55 минг тонна кам), шундан июнь ойида 11 минг тонна картошка олиб келинган.
Маҳаллий шароитда эртаки ва ўртаки муддатда етиштирилган картошкани 6 ой сақлаш имконияти мавжуд. Сентябрь-ноябрь ойларида нархлар ошиб кетмаслигини олдини олиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар томонидан 498.5 минг тонна картошкани захирага жамғариш таклифи билдирилиб, 1 128 та (сиғими 706 минг тонна) сақлаш омборхоналари рўйхати шакллантирилди.
Шунингдек, картошкани жамғариш бўйича кунлик мониторинг юритиш йўлга қўйилди. Бугунги кунгача 191.4 минг тонна (38%) картошка сақлаш омборхоналарига қўйилди ва қолган картошка ҳосилини омборхоналарга киритиш ишлари давом этмоқда.
Экспортга йўналтириш бўйича жами 15.3 минг тонна (7,1 млн долл. ўртача 1 кг/0,46 долл.) картошка экспорт қилиниши режалаштирилди. Бугунги кунда 566 тонна (128 минг долл.) картошка экспорт қилинди.
Ҳудудларда ғалладан ва эртаки экинлардан бўшаган майдонларда фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқаларига 98 минг гектар картошка экилиши прогноз қилинди.
Хусусан, фермер хўжаликлари томонидан 68 минг гектар такрорий майдонга картошка экилиши Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари томонидан тасдиқланди.
Бунинг учун 204 минг тонна уруғлик талаб этилиб, ҳудудларда бугунги кунда 174 минг тонна захира яратилган. Етишмайдиган 30 минг тонна уруғликни четдан ва бошқа ҳудудлардан етказиб бериш ишлари ташкил этилмоқда.
Шу билан бирга, картошка экинига зараркунанда ва касалликлар таъсирига қарши кураш тадбирларини самарали ўтказиш ҳамда ҳосилдорликни оширишга қаратилган интенсив технологияларни кенг қўллашга алоҳида эътибор қаратилади.
Бугунги кунда жами 13.2 минг га (19%) картошка экилди. Қолган майдонларда экиш ишлари давом этмоқда. Такрорий майдонлардан жами 1.2 млн тонна картошка етиштирилиб, ички истеъмолга ва қиш-баҳор мавсуми учун захирага жамғарилади.
Юқори авлодли уруғлик картошка етиштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8-сентябрдаги қарорида белгиланган топшириққа мувофиқ, илмий муассасалар томонидан 4 млн дона мини туганаклар етиштириш ва ихтисослашган туманлардаги юқори авлодли уруғлик етиштирувчиларга беғараз етказиб бериш ташкил этилмоқда.
Давлат харидлари махсус ахборот порталида жойлаштирилган тендерда 2.5 млн дона мини туганак етказиб бериш бўйича ғолиб аниқланди ва бугунги кунда шартномалар тузиш ишлари ташкил этилмоқда.
Маълумот учун: Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик ИТИ 1.5 млн дона, Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти 1 млн дона.
“Э-уруғ” дастурида кўп йиллик тажрибага эга ва молиявий барқарор картошка етиштирувчи субъектларни танлаб олиш мақсадида электрон тарзда тендер ўтказилди.
Тендерда 36 та картошка етиштирувчи субъектлар “E-urug`” дастурида ариза топширди, шундан 19 нафар кўп йиллик тажрибага эга картошка етиштирувчи субъектлар танлаб олинди. Уларга июль ойида мини туганаклар беғараз етказиб берилади.
Бундан ташқари, “Булунғур агростар” МЧЖ томонидан Миср компаниясидан 250 минг дона мини туганак келтирилиб, 3 гектар майдонга экилди.
Хуллас, картошкачиликни ривожлантиришга берилаётган давлат даражасидаги эътибор ўз натижасини бериб, мамлакатимизда картошка нархларининг барқарор сақлаб қолинишига эришилмоқда.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА