Карманада сув фильтрлари ишлаб чиқарилмоқда
Сўнгги йилларда юртимизда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани инновацион ривожлантириш, илм-фан ва илмий фаолиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда натижадорлигини ошириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бунда албатта, Президентимизнинг 2021 йил 2 апрелдаги “Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони дастуриламал вазифасини бажармоқда. Унга кўра, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш соҳасида муқобил ва экологик тоза энергия манбаи – “яшил” водородни ишлаб чиқариш, сақлаш ва қўллаш бўйича инновацион технологияларни яратиш белгиланган.
Ушбу фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2021 йил август ойида Кармана туманининг Фарҳод маҳалласида 1 минг 300 метр квадрат майдонда тескари осмос технологияси асосида сув фильтрларини ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилган эди.

Қуёш энергияси орқали сувни молекуляр даражада тозалайдиган “Иновацион Ватер Филтерс” инновацион сув фильтрлари ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 1 миллиард 821 миллион сўмни ташкил этиб, 11 та ишчи ўрни яратилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, эркак киши учун кунлик ичимлик сувига бўлган талаб 3,7 литр, аёл киши учун ичимлик сувига бўлган талаб 2,7 литр, ёш болалар учун ўртача 1,8 литрни ташкил қилади. Ушбу маълумотлар асосида 500 литр қувватга эга бўлган сув фильтри бир кунда 18 соат ишлаган ҳолда 900 та хўжаликни кунлик ичимлик суви билан таъминлай олади.

– Асосий мақсадимиз тескари осмос технологияси асосида сув фильтрларини ишлаб чиқариш орқали аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, – дейди лойиҳа раҳбари, якка тартибдаги тадбиркор Соҳиб Жумаев. – Вазирлик томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан хорижда ишлаб чиқарилган замонавий асбоб-ускуналар ва эҳтиёт қисмлар харид қилдик. Ҳозирда жамиятда соатига 250 литрдан 100 минг литргача тоза сув ишлаб чиқариш қувватига эга тескари осмос технологияси асосида сув фильтрларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бир ойда 48-50 тагача сув тозаловчи ускуна ишлаб чиқарилади. Корхона томонидан техник хизмат кўрсатиш ҳам ташкил қилинган. Буюртмачи ташкилотлар, иссиқхоналарга сув фильтрлари ўрнатиш билан бирга, уларга техник хизмат ҳам кўрсатилади. Келажакда республикамизнинг барча ҳудудларида сув фильтрларига хизмат кўрсатувчи сервис марказлари очиш, йирик ташкилотлар билан сув фильтрлари соҳасида ҳамкорлик фаолиятини йўлга қўйиш ниятимиз бор.
2022-2024 йиллар мобайнида “Иновацион Ватер Филтерс” МЧЖ томонидан умумий майдони 75 гектар бўлган жами 30 дан ортиқ иссиқхона хўжаликларига тескари осмос сув фильтрлари ўрнатиб берилди. Ўрнатилган сув фильтрларининг умумий қуввати 150 куб метр/соатни ташкил этади. Шунингдек, ушбу даврда буюртмачиларга қуввати 500 литрдан 10 минг литргача бўлган 260 дона сув фильтри етказиб берилди. Бундан ташқари, “Ҳар бир оила тадбиркор” лойиҳаси доирасида ажратилган кредит маблағлари эвазига якка тадбиркорлик субъектларига тескари осмос технологияси асосидаги сув фильтрлари етказиб берилиб, 128 та оилада тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш имконияти яратилди.
– Томчилаб суғориш тизими ўрнатилган иссиқхона хўжаликларида 1 гектар майдонни суғориш учун соатига 2 минг литр тоза сув ишлаб чиқарадиган тескари осмос технологияси асосида сув фильтри керак бўлади, – дейди С.Жумаев. – Тескари осмос технологияли сув фильтрларидан иссиқхона хўжаликларида фойдаланиш натижасида ҳосилдорлик 30-35 фоизга ошади. Ўсимликларнинг етилиш даври 20-30 фоизга қисқаради. Тупроқнинг шўрланиши ва эрозияга учраши камаяди. Минерал ўғитлар сарфи 4-5 бараварга камаяди.
Корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган сув фильтрлари маиший хўжалик ва ичимлик сувини, яъни ер остидаги ҳамда шўр сувни тозалашга мўлжалланган. Бу эса тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжни қондиришда муҳим аҳамият касб этади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири