Каратэчиларимиз Хитойда муваффақиятга эришди
Хитойнинг Лешан шаҳрида каратэ WKF бўйича 50 га яқин давлатнинг энг маҳоратли спортчилари иштирок этган “Premier league” халқаро мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муваффақиятга эришди.
Каратэчилар учун муҳим рейтинг очколарини тақдим этган турнирда терма жамоамизнинг 3 нафар аъзоси қатнашди.
Халқаро турнирнинг кумитэ йўналишида -67 килограмм вазн тоифасида жанг олиб борган маҳоратли каратэчимиз Абдулваҳоб Рашидов саралаш баҳсларида Иордания, Бразилия, Марокко, Қозоғистон каби давлатларнинг вакилларини доғда қолдирди.

Ҳал қилувчи финал жангида италиялик Мареска Лукани татамидан бош эгиб чиқишга мажбур қилди ва олтин медални қўлга киритди.

-60 кг. вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Меҳриддин Тўрахонов Италия, Туркия, Чили, Грузия вакиллари билан кечган жанглар сарҳисобига кўра, бронза медалига эга чиқди.
Икки кунлик мусобақалар натижасида олтин ва бронза медалларига сазовор бўлган Ўзбекистон каратэчилари умумжамоада 50 га яқин терма жамоа орасида кучли еттиликни банд этди.
Т.Рўзиев,
ЎзА