Капитал бозорига янги молиявий воситалар жорий этилади
Капитал бозори инфратузилмасини такомиллаштириш иқтисодиётнинг барқарор ўсиши учун муҳим омил ҳисобланади. Хусусан, капитал бозори ривожи иқтисодиётга инвестициялар ҳажмини оширади. Капитал бозорини ривожлантиришда эса инвесторлар ишончини ошириш, қимматли қоғозлар турини кўпайтириш, хусусий компанияларни бозорга олиб чиқиш, бозор инфратузилмасини яхшилаш, аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш асосий йўналишлардан ҳисобланади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун лойиҳаси маромига етказилмоқда. Мазкур қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти, аҳамияти, капитал бозорини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар хусусида Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасининг аъзоси Жасур Шодиев билан суҳбатлашдик.
— Капитал бозорини ривожлантириш қандай аҳамиятга эга? Бу борада мамлакатимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Мамлакатимизнинг иқтисодий ривожини юқори поғонага кўтариш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Агар капитал бозори ривожланса, корхоналар фақат банк кредитига қарам бўлмасдан, тўғридан-тўғри инвесторлардан маблағ жалб қилиш имкониятига эга бўлади. Бу инвестиция манбаларини кўпайтириш, хусусий секторни кенгайтириш ва аҳоли маблағларини иқтисодиётга жалб қилишга хизмат қилиши мумкин.

Сўнгги йилларда мамлакатда капитал бозорини ривожлантириш ва инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, халқаро молия институтларига миллий валютада облигациялар чиқариш ҳуқуқи берилди, мамлакатда илк бор ипотека облигациялари муомалага чиқарилди. Капитал бозори ва инвестиция платформалари учун “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режим жорий этилди. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида капитал бозори асосий кўрсаткичларида барқарор ўсиш таъминланди.
— Албатта, ҳар бир соҳанинг ривожи унинг ҳуқуқий асослари билан чамбарчас боғлиқ. Шу маънода капитал бозорини ривожлантиришда соҳага оид ҳуқуқий ҳужжатлар долзарб аҳамиятга эга. Бу борада амалда “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонун мавжуд бўлса-да, янги “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга қандай зарурат юзага келди?
— Амалдаги “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонун капитал бозорининг замонавий ривожланиш босқичи талабларини тўлиқ қамраб олмайди. Хусусан, молиявий инструментлар турларининг чекланганлиги, ҳосила молиявий воситалари ва секьюритизацияланган, қопланган ва барқарор ривожаланиш облигацияларни чиқариш механизмларининг мавжуд эмаслиги, ислом молияси тамойилларига мувофиқ сукук каби молиявий воситаларни чиқаришнинг ҳуқуқий асослари белгиланмаганлиги, шунингдек, ваколатли органнинг назорат ваколатлари Қимматли қоғозлар комиссиялари бўйича халқаро ташкилот (IOSCO) принципларига тўлиқ мувофиқ эмаслиги мазкур соҳада қонунчиликни такомиллаштиришни талаб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида капитал бозорини иқтисодий ўсишни рағбатлантирадиган муҳим институционал устун сифатида белгилаб, глобал депозитарийларни миллий фонд бозоримизга олиб кириш, бунинг учун халқаро молия ташкилотлари билан ишлаб чиқилган “Капитал бозори тўғрисида”ги янги қонунни қабул қилиш вазифаси белгилаб берилди.
Шу муносабат билан капитал бозори соҳасидаги қонунчиликни халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш ва “Капитал бозори тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш зарурати юзага келди. Шу мақсадда ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси 16 та боб ва 123 та моддадан иборат бўлиб, 29 та қонун ҳужжатига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
— “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун лойиҳасида қандай масалалар кўзда тутиляпти?
— Ушбу қонун лойиҳаси капитал бозорини халқаро стандартлар асосида ривожлантиришга қаратилган. Лойиҳада капитал бозори молиявий воситалари турларини кенгайтириш назарда тутилмоқда. Жумладан, ҳосила молиявий воситалари (опцион, своп, фьючерс, форвард ва нархлар фарқи шартномаси), қопланган облигациялар, секьюритизацияланган облигациялар барқарор ривожланиш облигацияларини ҳамда ислом молияси тамойилларига мувофиқ сукук қимматли қоғозларини чиқариш ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмоқда.
Капитал бозори инфратузилмасини ривожлантириш ва профессионал иштирокчиларининг фаолиятини такомиллаштириш кўзда тутилган. Бунда кастодиан лицензияланадиган янги профессионал фаолият тури жорий этилади. Яъни, кастодиан – молия ташкилоти бўлиб, мижозларнинг капитал бозори воситаларининг ва маблағларининг ҳисобини юритиш, сақлаш, уларга бўлган ҳуқуқларни тасдиқлаш хизматини кўрсатади.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, замонавий молиявий воситаларни жорий этиш орқали фонд бозорига 2030 йилга қадар 10 трлн. сўм инвестицияларни жалб қилиш режалаштирилмоқда. Бунда инвестиция фондларининг дивиденд кўринишида олган даромадларини дивиденд солиғидан озод қилиш, қопланган ва секьюритизацияланган облигациялар бўйича ажратилган активларни сотиш ва сотиб олиш операцияларини солиққа тортилмаслиги, шунингдек, 2038 йилга қадар Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари бўлган жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг хўжалик жамиятлари облигациялари, шу жумладан чет эл валютасида ифодаланган облигациялар бўйича фоизлар ва улар бўйича ижобий курс фарқи тарзидаги даромадларини, шунингдек, сукук қимматли қоғозлари бўйича даромадларини жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва фойда солиғидан озод қилиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, рейтинг агентликлари, бошқарувчи компания, инвестиция фаолиятини амалга оширувчи фонд капитал бозорида рухсатнома асосида амалга ошириладиган фаолият турлари қаторига киритилади.
Инвесторлар ва профессионал иштирокчиларнинг қонуний ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ўзини-ўзи тартибга солувчи ташкилотлар ва “облигация эгалари вакили” институтини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг ваколатлари кенгайтирилиб, унга дивидендлар, фоиз тўловлари, облигацияларни сўндириш ва мажбурий қайтариб сотиб олиш бўйича ҳисоб-китобларни марказлаштирилган тартибда амалга ошириш, биржадан ташқари бозорда тузилган молиявий битимларни ҳисобга олиш ҳамда хорижий депозитарийлар, кастодианлар ва банкларда вакиллик ҳисобварақларини очиш ҳуқуқи бериш белгиланмоқда.
Лойиҳа билан хорижий инвесторларни жалб қилиш ва маҳаллий эмитентларни халқаро капитал бозорларига чиқариш механизмлари такомиллаштирилади. Бунда маҳаллий ва хорижий бозорларда қимматли қоғозларни жойлаштириш тартиби ваколатли орган томонидан белгиланиши ва халқаро молия институтларининг облигацияларини Ўзбекистон ҳудудида чиқаришни қонун даражасида мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда.
Мазкур “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши муносабати билан амалдаги “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонун ўз кучини йўқотади.
— Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қандай натижа кўрсатади?
— Қонун лойиҳасидаги нормалар мамлакатимизда замонавий молиявий бозорни шакллантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётга қўшимча молиявий ресурсларни жалб қилишда муҳим аҳамиятга эга.
Унинг қабул қилиниши натижасида капитал бозорида халқаро амалиётга мос янги молиявий воситалар жорий этилади, иқтисодиётнинг реал секторини молиялаштириш имкониятлари кенгаяди. Маҳаллий ва хорижий инвестициялар ҳажми ортади. Ислом молияси воситалари, жумладан сукук қимматли қоғозларини чиқариш учун ҳуқуқий асослар яратилади.
Шунингдек, капитал бозори инфратузилмаси халқаро стандартларга мувофиқлаштирилади. Инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимояси кучайтирилиб, капитал бозорининг шаффофлиги, рақобатбардошлиги ва инвестициявий жозибадорлиги сезиларли даражада ошади.
ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова суҳбатлашди.