Капитал бозори қачон ривожланади?
Қимматбаҳо қоғозлар, молия бозорини ривожлантириш ва унга хорижий инвесторларни жалб этиш орқали аҳоли ушбу бозорда иштирок этиб корхоналардаги иқтисодий ўсишдан фойда олиши, муносиб пенсия, яхши уй-жой билан таъминланиши мумкин.
Қимматбаҳо қоғозлар, молия бозорини ривожлантириш ва унга хорижий инвесторларни жалб этиш орқали аҳоли ушбу бозорда иштирок этиб корхоналардаги иқтисодий ўсишдан фойда олиши, муносиб пенсия, яхши уй-жой билан таъминланиши мумкин. Капитал бозори орқали ривожланган давлатларнинг иқтисодий кўрсаткичлари кўтарилаётгани исботланган. Тараққий топган давлатларда нафақат банк сектори, балки капитал бозори иқтисодиёт равнақини таъминлаш ва уни молиялаштиришнинг асосий негизи бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, халқнинг бойлиги шу бозорда тўпланади, яъни аҳоли, тадбиркорларнинг бўш пул маблағларини йиғиш орқали уларнинг даромадини ошириш омили ҳисобланади.
Хўш, юртимизда капитал бозори қай даражада? Унинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида билиш мақсадида мутахассисларга юзландик.
Капитал бозори нима?
– Ўтган йили Президентимиз ташаббуси билан Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ташкил этилган эди, – дейди Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров. – Унинг асосий вазифалари ушбу йўналишда тартибни ўрнатиш, маҳаллий сармоядор ва инвесторларга имконият бериб, акцияларни сотиб олиш эвазига иқтисодиётда қўшимча молиялаштириш манбаларини шакллантиришдан иборат.
Агентлик ташкил этилгунга қадар Давлат рақобат қўмитаси ҳузурида Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази фаолият юритиб келган. Қўмита тугатилиб, унинг негизида Давлат активларини бошқариш агентлиги, Монополияга қарши кураш давлат қўмитаси ва Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги каби учта мустақил орган тузилди.
Мамлакатимиз қарийб ўттиз йил мобайнида режали иқтисодиётдан бозор иқтисодиёти томон босқичма-босқич ўтиш жараёнини бошидан кечирди. Бозор иқтисодиётининг энг муҳим институтларидан бири бўлган капитал бозори эса шаклланиш босқичида қолди. Ўзбекистон бугунги кунда капитал бозорининг ривожланганлик даражасини белгиловчи халқаро рейтинглар бўйича энг пастки поғонада турибди. Соҳа мутахассисларининг фикрича, изчил ва самарали ислоҳотлар бўлганда дастлабки босқичдан ривожланган босқичгача ўртача 20-25 йил талаб этилади.
Пулни қимматли қоғозларга йўналтириш керак
Ривожланган капитал бозори мавжуд давлатларда тадбиркорлар пул керак бўлганда банклардан ташқари фонд бозори орқали пул жалб қилиш, фуқаролар эса бўш пул маблағларини фақат банкка депозитга қўймасдан, қимматли қоғозларга йўналтиришади. Бу тадбиркор ва фуқароларга қўшимча имконият бериши билан бир қаторда, мамлакатда банк ва капитал бозори ўртасида соғлом рақобатни таъминлайди.
Сўнгги қирқ йилликда жаҳонда фонд биржалари сони нинг элликтадан бир юз олтмиштагача кескин ўсиши, капитал бозорининг иқтисодиёт ривожида муҳим ўрин тутишини кўрсатади. Бизда эса ҳалигача банклар молиявий ресурсларни тўплаш ва қайта тақсимлаш бўйича асосий институтлигича қолмоқда. Юртимизда капитал бозори босқичма-босқич ривожланмоқда. Ҳозир давлат облигациялари миқдори оширилди. Ушбу бозорнинг асосий қатнашчилари банклар ва кичик брокерлик компаниялари, холос. Унда йирик субъектлар ва аҳоли иштирокига эришиш мақсадга мувофиқ бўларди. Бу борада келгусида катта режаларни рўёбга чиқариш мўлжалланган. Чунончи, капитал бозорида профессионал даражада ишловчи молиявий институтларни ташкил этиш билан бирга, норезидентларнинг ҳам суверен облигацияларни сотиб олишлари учун шароит яратиш кутилмоқда. Чунки хорижий инвесторларсиз мазкур бозорни тараққий топтириш қийин. Зеро, чет эллик иштирокчилар билан бирга, ушбу бозорга профессионал ёндашув ҳам кириб келади.
Асосий муаммолар нимада?
Капитал бозори ҳолатини таҳлил этсак, Ўзбекистон иқтисодиёти, асосан, кредитлар орқали молиялаштирилган. Бизнинг биринчи вазифамиз шуки, капитал бозорни банк капитализациясининг ярмига тенг бўлган даражада ривожлантириб, унинг сифатини оширмоқчимиз.
Дунёда капитал бозорни ривожлантириш бўйича ҳар хил моделлар мавжуд. Булар орасида англо-саксон тизими жуда машҳур ҳисобланади. Нью-Йорк, Лондон, Ҳонгконг каби капитал бозорлари ушбу моделда фаолият олиб бораётган илғорлар саналади. Бу моделга мувофиқ, иқтисодиётни молиялаштириш манбаларининг деярли ярми шу бозорларда шаклланади. Мисол учун, АҚШда қимматли қоғозлар бозорида капитализация 30 триллион АҚШ долларига яқин бўлиб, бу мамлакат ЯИМ (тахминан 19 триллион доллар) суммасидан анча баланд. Ўзбекистонда эса ЯИМ тахминан 400 триллион сўм ёки 50 миллиард АҚШ долларига яқин. Капитал бозоридаги эркин маблағ айланмаси ЯИМнинг 0,5 фоизига ҳам тенг эмас. Мамлакатда бу борада жуда катта салоҳият мавжудлигини исботлайди. Яъни инвестицияларни акциялар, облигация орқали жамлашга имкониятимиз бор.
Тасаввур қилинг, бир корхона шартли балансга (актив ва пассивлари) эга, дейлик. Ҳар бир тадбиркор ишини ривожлантириш ё бошлаш учун қўшимча пул жалб этиши керак. Кўпинча бу пул корхона раҳбари, бизнес эгасининг пули бўлади, бошқа ҳолатларда пул қарзга олинади. Кредит линиялари орқали молиялаштириш манбасини топиш яхши ривожланяпти, аммо бизнесда шерикчилик жамиятимизда оммалашмади. Ҳамкорлар орқали шахсий бизнесга кўпроқ маблағ жалб этиш масаласи яхши ривожланмаган.
Бундан ташқари, бозорда профессионал ўртакашлар, агентлар фаолияти талаб этилади. Афсуски, биз каби ривожланаётган давлатларда шундай имкониятлар ҳали кенг эмас.
Одамлар ишончи муҳим
– Капитал бозори ўзи бир нечта таркибий қисмдан иборат бўлиб, уларнинг бирига кўра, корхоналар корпоратив облигациялар чиқариб, шу бозор орқали ўзини ривожлантириш учун пул жалб қилиши мумкин, – дейди Отабек Нарзиев. – Ҳозирда энг долзарб масалалардан бири одамларни ушбу бозорга ишонтира олишдир. Бунга амалий ишлар орқалигина эришиш мумкин. Бугунги кунда агентликнинг назорат бошқармаси томонидан бевосита аҳоли, акциядорлар билан мулоқотда бўлиб, уларнинг муаммоларини ўрганишга эътибор кучайтирилган. 2019 йилда агентликка 500 дан зиёд мурожаат келиб тушган. Мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатадики, аризаларнинг 70 фоиз акциялар ва бошқа қимматли қоғозларга дивидендлар тўланмаслиги, 13 фоизида эса акциядорларнинг ҳуқуқларини бузилиши кузатилмоқда.
Хулоса ўрнида
Бозор қанчалик катта бўлса, ҳамма ўз маҳсулотини ўша ерда сотишга қизиқади. Мисол учун, рўзғорни тўлдиришга отланган уй бекаси ҳам кичкина бозорга бормайди. Имконият бўйича катта бозорни афзал кўради. У ерда талаб ва таклиф шартлари қулай бўлиши мумкин. Капитал бозори характери ҳам шундай ривожланади. Биз бозорни ривожлантирмоқчи бўлсак, мувофиқ келадиган моделни танлаш зарур. Бунда глобал ва тайёр инфратузилмага қўшилиб, киришиб кетиш мумкин. Иккинчи йўлни танласак, маҳаллий ва миллий бозорни ривожлантириш устида иш олиб бориш керак. Булардан фарқли равишда, учинчи йўл ҳам мавжуд: дунё инфратузилмасига қўшилиб, бир вақтнинг ўзида маҳаллий шароитларни соддалаштириб бориш орқали маҳаллий инвестиция оқимини пайдо қилиш мумкин.
Дарҳақиқат, капитал бозори ўз номи билан капитализм тарафдори, бу – хусусий мулк. Инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун тўла кафолат берилиши лозим. Агар ҳукумат ўзи капитал бозор ишига қўшилиб, тўсиқлар пайдо қилса, хусусий инвесторлар бу бозорга ишонмайди.
Нилуфар ЮНУСОВА
Манба: «Mahalla» газетаси.