Камбағалликни қисқартириш иқтисодий ўсишга эришишнинг муҳим шарти саналади
Муносабат

Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада тизимли ишлар сифатида аҳолининг кам таъминланган қатлами бандлигини ошириш, таълим ва тиббий хизматларни кенгайтириш ҳамда ижтимоий ҳимояни самарали ташкил этишга кенг эътибор қаратилганмоқда.
Ўтган 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон кейинги йилларда камбағалликни қисқартиришнинг энг сезиларли суръатларини акс эттирди. Бунга бандлик, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг заиф қатламларини иқтисодий фаолиятга жалб қилиш орқали эришилди.
Жумладан, 2025 йилда 5 миллион аҳолимиз даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Бу қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқарилганини, илк бор 1 минг 435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айланини ифодалайди.
Ижтимоий соҳада амалга оширилган ишлар ҳам муҳим аҳамият касб этди. Масалан, камбағал оила фарзандларидан 168 минг нафари давлат мактабгача таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилинган. Бу эса оналарнинг меҳнат қилишлари учун имконият яратди.
Республика бўйича аҳолини меҳнат фаолиятига жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали жами 465,2 минг нафар фуқаролар корхона ва ташкилотлардаги мавжуд бўш ва янги иш ўринларига жойлаштирилди. Яратилган шарт шароитлар орқали аҳоли даромадлари ошди. Инсон меҳнат қилиб даромад оларкан, унинг ҳаётга бўлган ишончи ошиб, оилада ўз мавқеини мустаҳкамлайди. Шунингдек ижтимоий тўловлар, пенсиялар, қишлоқ хўжалигидан олинган даромадлар ҳам камбағал оилаларни асосий манбалари бўлиб қолмоқда.
Янгиланган “Ўзбекистон-2030” стратегиясида мамлакатда камбағаллик даражасини қисқартириш бўйича устувор йўналиш сифатида аҳолига замонавий касб-ҳунар ўргатиш белгиланган. Бугун таълимга инноватсион ёндашиб, замонавий технологияларга асосланган касбларга ўқитиш, хорижий тилларни ўрганишга имконият яратиш давр талаби. Бу борада хусусий сектор хизматларидан кенгроқ фойдаланиш орқали 100 фоиз натижага эришиш режалаштирилган.
Стратегияда шунингдек, меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли, жумладан, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш орқали ишсизлик даражасини 4 фоизгача камайтириш назарда тутилган.
Натижада 2030 йилга қадар мамлакатда иқтисодиёт ҳажмини икки баробарга ошириш, аҳолининг даромад даражаси ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар гуруҳига киритиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, 2 миллион нафар фуқарони замонавий техника ва технологиялардан фойдаланишга ўргатиш орқали уларни доимий даромад манбаига эга қилиш кўзда тутилган. Шунингдек, ишсиз ва расмий даромадга эга бўлмаган аҳолининг касб-ҳунар, тадбиркорлик кўникмалари ҳамда хорижий тилларни ўрганиш харажатларини қоплаб бериш орқали уларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ёшлар сиёсати доирасида эса уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва ишсизлик даражасини камайтириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Жумладан, 2030 йилга қадар ёшлар ўртасида ишсизлик даражасини 8 фоизгача тушириш, 400 минг нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичлар белгиланган.
Бундан ташқари, IT соҳасини янада оммалаштириш ва хизматлар экспортини кенгайтириш мақсадида 300 минг нафар ёшни мазкур соҳада иш билан таъминлаш, ҳар йили 50 минг нафар мактаб ўқувчисини халқаро меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий IT касбларига ўқитиш вазифалари белгилаб берилган.
Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон-2030” стратегияси мамлакатнинг барқарор тараққиётини таъминлашда инсон омилини бош мезон сифатида белгилайди. Аҳолини замонавий касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали камбағалликни қисқартириш шунчаки ижтимоий вазифа эмас, балки миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширувчи стратегик сармоядир. Ушбу ислоҳотларни амалга оширилиши 2030 йилга келиб аҳоли фаровонлигини янги босқичга олиб чиқиш ва ҳар бир фуқаро учун муносиб ҳаёт шароитларини яратишга хизмат қилади.
Нилуфар ҲУСАНБОЕВА,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ижтимоий соҳадаги ислоҳотларни
мониторинг ва таҳлил қилиш бўлим бошлиғи,
ЎзА