Камбағалликни қисқартириш бўйича Хитой тажрибаси ўрганилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Фаровонлик қулфини очиш: Ўзбекистонда иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш йўналишида Хитой сабоқлари” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Академия раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилари, вазирлик-идораларнинг масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Академия ректори, профессор Адҳам Бекмуродов профессор-ўқитувчилар томонидан иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш йўналишида Хитой тажрибаси мунтазам равишда ўрганилаётганини қайд этди.
Хитой камбағалликни камайтириш бўйича дунёда етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Жаҳон банки ҳисоботига кўра, 1978 йилдан бери 850 миллиондан ортиқ хитойлик ўта қашшоқликдан қутулган. Бу аҳоли фаровонлигини ошириш тарихидаги энг катта ютуқдир.
Ўзбекистон ҳам сўнгги йилларда камбағалликни қисқартириш борасида сезиларли ютуқларга эришди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2001 йилдан 2018 йилгача камбағаллик чегарасида яшаётган аҳоли улуши 27,5 фоиздан 11,4 фоизгача пасайган. Бу ҳукуматнинг мамлакатдаги иқтисодий аҳволни яхшилаш, аҳоли фаровонлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини кўрсатади.

Мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг пировард мақсади камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдир. Шу боис, Президентимиз ташаббуси билан халқимиз турмушини яхшилаш йўлида жуда катта ишлар амалга оширилди. Бу йўлда хорижий мамлакатларнинг тажрибаларини ўрганиш, муқобилини танлаш ва жорий қилишни вазиятнинг ўзи тақозо этмоқда.
"Хитойнинг иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш сиёсати: сабоқлар, муаммолар ва истиқболлар" мавзусида иқтисодий фанлар доктори, Пекин педагогика университети профессори Лиу Хуемин тадбир қатнашчиларига батафсил маълумот берди.
Хитой ҳукумати ўз халқини камбағалликдан, ночорликдан чиқариш учун жуда кўп дастурлар ишлаб чиққани қайд этилди.
Бунга мамлакатнинг энг чекка ҳудудларига замонавий йўллар, электр линиялари ва коммуникацияларни қуриш, транспорт таъминотини яхшилаш орқали эришди.
Миллионлаб одамларни шароити қийин жойлардан кўчириш, субсидиялар ажратиш, бизнесга йўл очиб, қишлоқ жойларида янги иш ўринлари яратди.
"Оила пудрати" - Хитойнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ютуғи бўлди.
Шунингдек, фермерларга замонавий фермерлик юритиш ва савдо фаолияти билан шуғулланиш учун махсус малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари ташкил этилди, ёшлар таълим олиши учун камбағал ҳудудларда замонавий технологияларга бой мактаблар қурилди.
Турли тўловлар миқдори минтақада яшаш шароити билан белгилангани эса аҳолига янада кенгроқ қулайликлар туғдирди.
Тадбир якунида иштирокчиларнинг саволларига юртимиз ҳамда хитойлик масъуллар томонидан жавоб берилди.
Н. Абдураимова, ЎзА