Журналистларнинг судлар билан ишлашдаги кўникмаси оширилди
Аввал хабар қилганимиздек, Термизда "Оммавий ахборот воситаларида суд органлари фаолияти ва суд жараёнларини ёритишда журналист ва блогерларнинг касбий малакасини ошириш" мавзусига бағишланган ҳудудий тренинг машғулотлари бўлиб ўтди.
Сурхондарё ва Қашқадарё вилояти оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок этган тадбир икки кун давом этди.
Машғулотнинг дастлабки кунида Ўзбекистон Республикаси Олий суди жамоатчилик билан алоқалар маркази бош консультанти Азиз Абидов, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари тренерлари Даиниус Радзевичиус ва Олена Черниявскалар мамлакатимиздаги суд-ҳуқуқ тизими, очиқ одил судлов тамойиллари, суд ва ҳуқуқий репортажларнинг ўзига хос жиҳатлари, шунингдек, судлар ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи халқаро стандартлар ҳақида маълумот берди.

Тадбир қатнашчилари суд тизимининг асосий тузилмаси, жумладан, жиноят, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий судлар, очиқ ва сайёр суд мажлисларининг ҳуқуқий асослари, суд жараёнида ошкораликнинг аҳамияти, суд репортажлари ва ҳуқуқий репортажларнинг фарқи, ҳуқуқий репортажнинг мақсад ва долзарблиги, жамоатчилик фикрини шакллантиришда ҳуқуқий репортажнинг роли каби мавзулардаги маърузаларни тинглади.

Европа иттифоқи ва Европа Кенгашининг судлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи халқаро стандартлари, адолатли судлов ҳуқуқи, фикр билдириш эркинлиги ва суд ҳокимиятини танқид қилиш ҳуқуқи ўртасидаги мувозанатни таъминлаш, миллий суд тизимининг умумий стандарти ва одил судловнинг очиқлиги принциплари мавзуидаги машғулотлар орқали одил судлов соҳасидаги билим ва кўникмаларини оширди.

Хорижлик экспертлар тренинг сессияларида ҳуқуқий ёритишда ахлоқий ва ҳуқуқий чегаралар, судни ҳурмат қилмаслик ва туҳмат хавфларини тушуниш сингари мавзуларда ҳам фикр алмашди. "Суд тизими ва ҳуқуқий атамаларни қанчалик яхши биласиз?" мавзуидаги интерфаол тест ўтказилди.
Машғулотларнинг иккинчи куни журналист ва блогерлар оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳуқуқий маълумотларни қандай топиши, журналистик суриштирув, аниқлик ва фактларни текшириш, ҳуқуқий репортажларнинг шакл ва турлари хусусидаги Европа тажрибаси билан таништирилди. Гуруҳларда интерфаол машғулотлар ўтказилди. Оммавий ахборот воситалари ва суд органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлларини атрофлича муҳокама қилди.

– Машғулотлар жуда қизиқарли бўлди, – дейди “Сурхон тонги” вилоят газетаси мухбири Д. Қўзимуродова. – Икки кун давомида нафақат мамлакатимиз, балки Европа давлатлари суд тизими ва судлар фаолиятини ёритадиган журналистларнинг ахборотларни олиш ва тарқатиш услублари билан ҳам танишдик. Мураккаб ҳуқуқий масалаларни аудиторияга содда, тушунарли ва оммабоп тилда изоҳлаш, ахборотнинг аниқлиги, далилларни текшириш ва қонуний асосларда олинган ахборот манбаларидан фойдаланиш каби кўплаб фойдали маълумотларга эга бўлдик.

Баҳс-мунозаралар, қизиқарли савол-жавобларга бой бўлган тренинг машғулотлари якунида иштирокчиларга махсус сертификат топширилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири