Журналистлар меҳнати эътироф этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Термиз гарнизонида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда вилоятда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари иштирок этди.
Эрта тонгдан иштирокчилар учун спорт мусобақалари ва қизиқарли тадбирлар уюштирилди. Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан дуатлон ҳамда пневматик қуролдан ўқ отиш бўйича мусобақалар ўтказилди. Ҳарбий психологлар иштирокида психологик тренинглар ташкил қилиниб, қатнашчиларга қизиқарли машғулотлар тақдим этилди.
Шунингдек, меҳмонлар ҳарбий хизматчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, замонавий қурол-яроғлар кўргазмасини томоша қилди.
Тадбирнинг иккинчи қисми ҳарбий қисм Маданият марказида давом этди. Вилоятнинг таниқли санъаткорлари ҳамда ҳарбий оркестр жамоасининг иштирокидаги чиқишлар барчага байрамона кайфият бағишлади.
[gallery-30101]
Якунда спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган иштирокчилар, шунингдек, ҳарбий соҳада амалга оширилаётган жанговар тайёргарлик, маънавий-маърифий ва ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларини кенг ёритишда фаол иштирок этган соҳа вакиллари қўмондонлик томонидан фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Мазкур тадбир оммавий ахборот воситалари ва ҳарбий тузилмалар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, журналистлар меҳнатини қадрлаш ҳамда аҳолини холис ва тезкор ахборот билан таъминлашдаги хизматларини эътироф этишга хизмат қилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА