Журналистик контент учун кураш: Meta судга берилди
Норвегиянинг 10 та медиа ташкилоти "Facebook" ва "Instagram" эгаси – "Meta" компанияси устидан судга шикоят киритди. Даъвогарлар янги қоида журналистик материаллардан сунъий интеллектни ривожлантиришда рухсатсиз фойдаланишга йўл очишидан хавотирда.
Нашрлар даъвосига кўра, “Meta” янги шарт асосида мақола, сурат ёки видео лавҳани, ҳатто, пулли обуна доирасидаги материалларни ҳам йиғиши ва маҳсулот яратишда қўллаши мумкин. Компания танқидлардан сўнг қоида жорий этилиши санасини 30 октябрдан 20 ноябрга кўчирди.
Медиа ташкилотлари Осло тумани судидан янги шарт кучга киришини вақтинча тўхтатишни сўради. Таъкидланишича, “Meta” журналистик контентдан фойдаланиб, шу материалларни яратган нашрларга рақобатчи бўлган сунъий интеллект хизматини ривожлантириши мумкин. Бу иш рақамли платформаларнинг муаллифлик ҳуқуқи ва журналистик контентдан фойдаланиш борасидаги масъулиятига оид баҳсни янада кучайтирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА