Журналист ва блогерлар кузги-қишки ишлар билан танишди (видео)
Жаҳон тажрибасида табиий газдан оқилона фойдаланиш, уни қайта ишлаб, саноат ва қишлоқ хўжалиги учун зарур хомашё олишга алоҳида эътибор қаратилади. Ўзбекистонда ҳам бу йўналишда изчил ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, янги қурилаётган уй-жойларда иситиш ва маиший эҳтиёжлар учун табиий газ ўрнига электр энергиясидан фойдаланиш амалиёти кенгаймоқда. Ишлаб чиқариш корхоналаридаги айрим қозонхоналар электр энергиясига ўтказилаётган бўлса, бошқаларида газ сарфини камайтиришга қаратилган технологиялар жорий этилмоқда.
Бундай чоралар, бир томондан, атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга хизмат қилса, иккинчи томондан, иқтисодий самарадорликни ошириш имконини беради. Тежалган табиий газни қайта ишлаш орқали қўшимча хомашё ва маҳсулотлар олиш мумкин.
Айни пайтда бу жараёнлар энергия ресурслари истеъмоли таркибига ҳам таъсир кўрсатмоқда: табиий газ сарфи камайиши билан электр энергиясига бўлган талаб ортмоқда. Хўш, Фарғона вилоятида газ ва электр энергияси истеъмоли ўртасидаги бу мувозанат қандай таъминланмоқда? Айниқса, куз-қиш мавсумида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжи қай даражада қондирилади?
Вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда газ ва электр таъминоти идоралари раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда шу каби масалалар муҳокама қилинди.
Бугун Фарғона вилоятида 919,7 минг газ истеъмолчиси бор. Уларга 7,9 мингта газ тармоқлари хизмат кўрсатади, 4,5 минг газ тақсимлаш қурилмаси фаолият юритяпти. Жойларда тежамкор технологиялар қўлланиши, газ ёқишни камайтириш ва ҳисоб-китобларни тартибга солиш натижасида агар 2020 йилда Фарғона вилоятида 2 миллиард 167 млн метр куб газ истеъмол қилинган бўлса, 2026 йилга келиб бу рақам 1 миллиард 860 млн метр кубга ёки 15 фоизга қисқарди. Фарғона тумани мисолида олсак, 2025 йилнинг 9 ойида 85 миллион метр куб газ истеъмол қилинган эди. Бу йил шу даврда эса атиги 64 млн метр куб ёки аввалги йилдан 25 фоиз газ кам сарфланди.
Ўз навбатида бу электр қувватига эҳтиёжни оширяпти. Агар 2025 йилда Фарғона вилоятида 5,2 миллиард киловатт соат электр қувват истеъмол қилинган бўлса, бу йил истеъмолчилар сафининг кенгайиши туфайли бу рақам 5,6 млрд киловатт соатга етиши кутилмоқда
[gallery-476859]
Вилоятда муқобил энергия ишлаб чиқариш қувватлари, жумладан, қуёш панелларининг умумий қуввати 130 мегаваттни ташкил этади. Бундан ташқари, Ўзбекистон туманида электр энергиясини сақлаш тизими ташкил этилган. Ҳозирда у кундузи 150 мегаватт электр энергиясини тўплаб, кечаси тармоққа узатиш имконига эга. Келгусида мазкур тизим қувватини 300 мегаваттга етказиш режалаштирилган.
Суюлтирилган газ таъминотида аҳолига етказиш муддати белгиланган 40 кун ўрнига, баъзида айрим маҳаллаларда 45-50 кун бўлаётгани таъкидланди. Аммо бу муаммо суюлтирилган газ етказиб берувчи Қашқадарё вилоятидаги таъминотчиларнинг ижро интизоми билан ҳам боғлиқлигига эътибор қаратилди.
Журналист ва блогерлар Янгийўл тажрибаси қўлланаётган Фарғона тумани ҳудудларида, жумладан, Беруний ва Меҳнатобод маҳаллаларида ҳам бўлиб, газ, электр таъминоти борасида амалга оширилган ишлар билан танишди.
<iframe width="1493" height="840" src="https://www.youtube.com/embed/B84BdRZ5CGk" title="Jurnalist va blogerlar kuzgi - qishgi ishlar bilan tanishdilar." frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов (видео), ЎзА