“Жўйи Арзиз” - Қадимги Самарқанднинг ноёб қўрғошин ариғи
Қадимги Самарқанд шаҳристонини узлуксиз сув билан таъминлаш мақсадида барпо этилган "Жўйи Арзиз" Турон сув иншоотлари тарихидаги мураккаб муҳандислик ечимларидан бири саналади.
Афросиёб шаҳар харобасида сақланиб қолган мудофаа деворлари ва шаҳарсозлик қолдиқлари қадимги давр меъморлигининг юқори даражасидан дарак беради. Мудофаа тизими қамал хавфини бартараф этишга хизмат қилган кезларда муҳандислар олдида аҳолини мунтазам сув билан таъминлаш вазифаси турган.
Шарқшунос олим Василий Бартольд таъкидлаганидек, Самарқанднинг ички шаҳристонига сув етказиб бериш ҳам ўзига хос муҳандислик ечимини талаб қилган. Шаҳар атрофини ўраб турган мустаҳкам истеҳком деворлари остида чуқур ва кенг хандақлар қазилган бўлиб, бу хандақлар мудофаани кучайтириш билан бирга шаҳарга кирувчи табиий сув оқимларини ҳам кесиб қўйган.
Шаҳристоннинг тўрт дарвозасидан бири бўлган жанубий Кеш (Темир) дарвозаси орқали шаҳарга йўналтирилган сув оқими айнан мана шу мудофаа хандағи билан тўқнаш келган. Мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида меъморлар хандақ узра улкан тош тўғон ва сув ўтказгич кўприк – акведук барпо этишган. Археолог Василий Вяткин 1903 йилда Самарқанднинг қадимий топографиясини ўрганиш чоғида ушбу сув йўналишлари ва иншоот қолдиқларини илмий жиҳатдан хариталаштирган. Каналнинг хандақ устидан ўтувчи қисми ва махсус новлари оқиб келаётган сув сизиб кетмаслиги ҳамда тўғон тупроғига сингиб йўқолмаслиги учун яхлит қўрғошин лавҳалар билан қопланган. Ёзма манбаларда “Жўйи Арзиз” (“Қўрғошин ариқ”) номи билан муҳрланган ушбу иншоот сувни хандақ устидан шаҳристонга хавфсиз ўтказиб берган.
X аср географи Абу Исҳоқ Истахрий ўзининг “Китоб ал-масолик ва-л-мамолик” асарида Самарқанднинг мазкур сув таъминоти тизими ва шаҳар кўринишига алоҳида эътибор қаратган. Унинг қайд этишича, Зарафшон дарёси воҳасидан бошланувчи ариқлар тармоғи аниқ нишаблик ва ҳисоб-китоблар асосида ётқизилган бўлиб, сув шаҳарнинг ҳар бир мавзесига ўз оқими билан борган. Истахрийнинг гувоҳлик беришича, кўҳандизнинг баланд жойидан шаҳарга қаралса, зич дарахтзорлар ва боғлар ортидан биноларни илғаш қийин бўлган, чунки суғориш тармоғи ҳар бир турар жой ҳовлисигача етиб борган.
Қадимий қўлёзмаларда сақланиб қолган географик маълумотларга кўра, шаҳар теварагидаги экин майдонлари ҳам бир нечта йирик тармоқли каналлар орқали суғорилган. Масалан, Маздахин ариғининг ўзи 2750 жуфт ер майдонини (бир мавсумда бир жуфт ҳўкиз кучи билан ишлов бериладиган, тахминан 4300 гектар ерни) сув билан таъминлаган. Шаҳарни ўраб турган ташқи мудофаа девори – “Девори қиёмат” тахминан 12 фарсахга чўзилиб, ўн минг жариб майдонни муҳофаза қилган. Бундай улкан ҳудудни узлуксиз сув билан таъминлаш шаҳар маъмуриятининг бош вазифаси ҳисобланган.
Тарихчи Ибн Фақиҳ Ҳамадоний шаҳарнинг ташқи деворлари узунлигини 12 фарсах, работ қисмини 6000 жариб, шаҳристонни 5000 жариб, ички шаҳарни эса 2500 жариб сифатида қайд этган. Тарихий ўлчовлар бўйича муайян тафовутлар бўлишига қарамай, тадқиқотчилар шаҳар марказига қараганда унинг атрофидаги ишлаб чиқариш ва боғдорчилик майдонлари сув тармоқларига тўлиқ қарам бўлганини кўрсатадилар. Шаҳар деворларини тиклаш учун тупроқ айнан девор пойидан олинганлиги сабабли чуқур хандақлар ҳосил бўлган, бу эса сув тармоқларини юқори сатҳдан ўтказишни талаб этган. Тош таянчлар устига қўрғошин қопламали новлар ўрнатиш тажрибаси айнан шу муҳандислик заруратидан келиб чиққан.
Археологик тадқиқотлар Афросиёб ҳудудида иккита асосий қуруқ ариқ ўзанини аниқлаган. Ушбу ўзанлар шаҳристон тепалиги бўйлаб қатъий нишаблик қонуниятлари асосида йўналтирилган бўлиб, уларнинг туби махсус сидирға лой ва тошлар билан мустаҳкамланган. Девор бўйлаб ҳар икки юз газ оралиғида жойлашган мудофаа миноралари орасидаги сув дарвозалари алоҳида назоратда бўлган.
Абулфазл Насафийнинг шаҳар тарихига оид қайдларида келтирилишича, Самарқанднинг кўчалари ва маҳаллалари муайян тартиб асосида режалаштирилган бўлиб, ҳар бир маҳалла ўзининг кичик тармоғига эга бўлган. Шаҳарнинг марказий қисмида жойлашган сув ҳавзалари кунлик эҳтиёжларни қондиришдан ташқари, ёнғин хавфининг олдини олиш ва шаҳар микроиқлимини юмшатиш учун хизмат қилган. Сув оқимини тақсимлаш ва босимни бир маромда ушлаб туриш учун турли ўлчамдаги сопол қувурлар (кубурлар) қўлланган.
Василий Вяткиннинг дала тадқиқотлари қадимги меъморлар ер рельефини чуқур ҳисобга олганини кўрсатди. Шаҳристон тепаликларига сувни ўз оқими билан кўтариш имконсиз бўлган жойларда қўрғошин қопламали акведук муҳим вазифани бажарган. Бу иншоотнинг барпо этилиши Сўғд воҳасида металлургия, қурилиш муҳандислиги ва амалий математика ривожи юқори нуқтага чиққанини тасдиқлайди. Қўрғошин қоплама чокларини жипслаб, сув сизишига йўл қўймаслик тажрибаси кейинги даврлар меъморчилигида ҳам кенг қўлланган.
Тош тўғонлар, сопол қувурлар ва қўрғошин қопламали новлар шаҳарнинг хавфсизлигини таъминлаш билан бир қаторда мураккаб геодезик билимларни амалиётга татбиқ этиш намунаси бўлган.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади,
ЎзА