Жорий йилда 53 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш мақсад қилинган
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида биринчи чорак кўрсаткичларини тармоқ ва ҳудудлар кесимида танқидий таҳлил қилиш ва йилнинг қолган даврида қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
— Қачонки раҳбарлар биринчи қадамдан бошлаб, тўғри лойиҳа танласа ва шунга мос салоҳиятли инвестор топса, шунда инвестицияда сифат бўлади, – деди Президентимиз.
Иқтисодиётга катта самара берадиган лойиҳа, технологик ечим бўйича энг тўғри вариантларни танлашда, лойиҳани қайси ҳудудда жойлаштириш, қайси инвестор билан ишлаш афзаллигини аниқлашда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш муҳим.
Мутасаддиларга сунъий интеллект ёрдамида мавжуд қувватлар, ички ва ташқи бозордаги талабни ўрганиб, қаерда, қандай лойиҳа қилиш бўйича ечим берадиган платформани ишга тушириш топширилди.
Инвестор ва консалтинг компанияларига ушбу платформадан “ягона дарча” тамойили асосида фойдаланиш учун шароит яратилади.
ЎзА