Жонажон Ўзбекистонимизнинг бетакрор тимсоли
Ҳамма уйда бўлса-да, хонадон сув қуйгандек жимжит. Доимий машғулот - болаларнинг бири компьютерда, бошқаси телефонда ўйин билан банд.
Уч яшар жажжи болакай жавон яқинига стулчани аста суриб келиб, китоблар ёнидаги Ватанимизнинг мўъжаз байроқчасини олди. Байроқчани баланд тутганича уйнинг у еридан бу ерига югура бошлади. Болакайнинг қувончи, ўз тилида "Байроқ, байроқ" дея баланд ва жўшқин чулдираши ака-опаларининг эътиборини тортди.
Болалар қўлларидаги техник матоҳни бир четга суриб, кичкинтойга, унинг митти бармоқчалари тутган Ватанимиз байроғига тикилиб қолишди. Ҳа, чиндан ҳам унинг жуда чиройли, жонажон Ўзбекистонимизнинг ҳуснига, кўринишига жуда муносиб эканига улар яна бир бор астойдил ишонч ҳосил қилдилар. Жажжи укачасига қўшилиб, улар ҳам "байроқ, байроқ" дея қувонч билан баралла жўр бўлишарди...
18 ноябрь - Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун. Мана ўттиз йилдирки, байроғимиз жаҳоннинг турли мамлакатларида, юртимиздаги энг нуфузли бинолар, турли тадбирлар, анжуманлар, симпозиумларда мағрур ҳилпирамоқда. У нурли истиқболи сари интилган жонажон Ўзбекистонимизнинг ажиб рамзи, ҳурлигимиз, мустақиллигимиз, эркин ва обод, фаровон ҳаётимизнинг бетакрор ўзига хос тимсолидир.
Хорижий мамлакатларда бўлиб ўтаётган нуфузли тадбирлар, спорт мусобақаларида кўзимизга янада қадрдон, мўътабар рамз бўлиб кўринади.
Мана, беш-олти йилдирки, Ўзбекистон ўзгача шаҳду шиддат билан одимламоқда. Унинг етакчиси бошлаб берган янгиланиш жараёнлари жаҳонда элпарвар, инсонпарвар, оддий одамларнинг дарду ташвишига, ўй-ҳаёлларига, орзу-умидларига ҳамоҳанг ўзгаришлар сифатида дунёга намоён бўлмоқда. Янгиланаётган Ўзбекистонда инсон, унинг қадр-қиммати, манфаатлари устувор экани асосий тамойил тарзида жаҳон кўз ўнгида гавдаланмоқда. Бунда инсон ҳақ-ҳуқуқларига, унинг эрки ва шаъни, обрў-эътибори барча нарсалардан устун экани кечаётган шиддатли ислоҳотларда устуворлик касб этмоқда.
Ҳа, бугун Ватанимиз байроғи янада баландларда, янада мағрур ҳилпирамоқда. Жаҳон Ўзбекистонимиз, унинг бетакрор ва ғоят гўзал тимсоли бўлган байроғига ҳавас, ҳайрат, умид ва ишонч билан боқмоқда!
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан мамлакатимизнинг барча гўшаларида турли тадбирлар, анжуманлар, спорт мусобақалари бўлиб ўтмоқда. Улар навқирон авлод қалбида ватанпарварлик, фидойилик, давлат рамзларига ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини янада жўш урдириши шубҳасиз.
Назокат Усмонова,
ЎзА