Жиззахда “Ёш чегарачилар” мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда чегара ҳудудларида жойлашган умумтаълим мактаблари ўқувчиларидан тузилган жамоалар иштирок этди.
Мусобақанинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар ушбу анъанавий беллашув ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг жисмоний ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, шунингдек, ҳарбий хизматга қизиқишини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
[gallery-28951]
Жамоалар белгиланган низом асосида 16 та шарт бўйича ўзаро беллашди. Жумладан, иштирокчиларнинг саф тайёргарлиги, ҳарбий либослари, макетлар тақдимоти, тиббий билимлари ва жисмоний чидамлилиги синовдан ўтказилди.
Шунингдек, ўқувчилар умумтаълим фанлари бўйича тест синовлари, “Заковат” интеллектуал ўйини, турникда тортилиш, автоматни қисмларга ажратиш ва йиғиш, граната улоқтириш, ўқ отиш ҳамда азимут бўйича ҳаракатланиш шартларида ўз маҳоратини намоён этди.
Якуний натижаларга кўра, биринчи ўринни Янгиобод туманидаги 13-сонли умумтаълим мактабининг “Қалқон” жамоаси эгаллаб, мусобақанинг республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Кейинги ўринлар Бахмал туманининг “Посбонлар” ва Зомин туманининг “Шунқорлар” жамоаларига насиб этди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан кубок, медаль, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, “Энг билимдон иштирокчи”, “Энг яхши мерган” ва “Энг кучли иштирокчи” номинациялари бўйича ҳам фаол ўқувчилар рағбатлантирилди.
Жамшид ЁРБЕКОВ(сурат),ЎзА