Жиззахда янги технопарк қурилади
Шароф Рашидов туманида янги саноат технопарки қурилишига тамал тоши қўйилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигида 25 та меморандум имзоланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Хитой Савдо-саноат палатаси, бир неча Хитой компаниялари, вилоятдаги мутасадди ташкилотлар раҳбар ва масъуллари, жамоатчилик вакиллари ҳамда хитойлик журналистлар, республикамиз марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда вилоят ҳокими Эргаш Салиев сўзга чиқиб, Жиззах вилояти билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашда кўрсатаётган фаолликлари учун хорижлик ҳамкорларга миннатдорлик билдирди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг доимий эътибори ва қўллаб-қувватлаши туфайли икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётгани, кейинги йилларда барча иқтисодий соҳаларда салмоқли натижаларга эришилаётгани алоҳида эътироф этилди.
Тадбирда ХХР компаниялари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг тақдимоти ўтказилди. Унда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, айниқса, электромобиллар, чой ва бошқа товарлар иштирокчилар эътиборини тортди. Шундан сўнг, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида видео лавҳа намойиш этилди.
[gallery-13624]
Хитой давлати бизнес давра вакилларининг ташаббуси билан Жиззах шаҳрида республикамизда саноқли бўлган металлни қайта ишлаш заводи, Зомин туманида йирик агрокластер, Зафаробод ва Фориш туманларида цемент ишлаб чиқариш заводлари ташкил этилиб, мазкур инвестиция лойиҳалари доирасида 680 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция маблағлари жалб қилинган.
Кейинги йиллар ичида Жиззах вилоятида Хитой капитали иштирокида рўйхатга олинган корхоналар сони 40 дан ошиб, ушбу корхоналар томонидан бугунги кунгача 910 миллион АҚШ долларидан зиёд инвестиция маблағлари киритилган.
Жорий йилнинг май ойида Хитойнинг Сиань шаҳрида бўлиб ўтган форум доирасида Жиззах вилояти ҳокимлиги ва Хитойнинг бизнес давра вакиллари ўртасида Жиззах шаҳрида “Cherry” автомобилларини ва “BYD” электромобилларини ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришилган эди. Ҳозир лойиҳаларни амалга ошириш борасида ишлар қизғин олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Хитойда бўлиб ўтган форум доирасида жами қиймати 2 миллиард АҚШ долларига тенг 44 та келишув имзоланган бўлиб, булар орасида фармацевтика, электротехника, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари каби соҳалардаги инвестиция келишувлари бор.
Янги технопарк учун Шароф Рашидов туманида 200 гектар ер майдони ажратилиб, лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши назарда тутилган. Шунингдек, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми бир ярим баробарга ортади. Технопарк ўз ичига электротехника маҳсулотлари, кимё саноати, текстиль ва қурилиш материаллари каби соҳалардаги ишлаб чиқариш лойиҳаларини қамраб олади.
Лойиҳани амалга ошириш учун инвесторлар томонидан 500 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиш режалаштирилган.
Ўзбекистон – Хитой давлатлари ҳамкорлигида барпо этилаётган ушбу технопарк 2025 йилга бориб тўла қувват билан ишлай бошлайди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари