Жиззахда газ таъминоти тизими рақамлаштирилмоқда (+видео)
Жиззах вилоятида табиий газ назорати ва таъминоти тизимида рақамли технологияларни жорий этиш орқали самарадорликни оширишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Замонавий геоахборот технологияларининг татбиқ этилиши натижасида техник йўқотишларни камайтириш, назоратни кучайтириш ва хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш имконияти яратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан соҳаларни рақамлаштириш борасида белгиланган вазифалар ижроси доирасида “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиалида “ArcGIS-HGT онлайн бошқарув” тизими тўлиқ йўлга қўйилди.
Мазкур лойиҳа доирасида вилоятдаги шаҳар ва туман газ таъминоти бўлимларининг 90 нафар масъул ходимига шахсий логин-парол ва махсус QR-кодлар бириктирилди. Эндиликда соҳа мутахассислари газ қувурларидаги носозликлар, таъмирлаш жараёнлари ҳамда техник кўрик натижаларини қоғоз шаклида эмас, балки махсус мобиль илова орқали тўғридан-тўғри марказий базага киритмоқда.

Бу орқали газ тақсимлаш пунктларидаги профилактика ишлари, янги тармоқларни тортиш ва бошқа техник жараёнлар реал вақт режимида рақамли харитада акс эттирилмоқда. Маълумотлар автоматик тарзда жамланиб, туман, вилоят ва республика миқёсида таҳлил қилинади.

Тизимнинг муҳим афзалликларидан бири — назорат имкониятларининг кенгайганидадир. Энди мутахассисларнинг кунлик иш самарадорлигини масофадан кузатиш, махсус техникалар ва диагностика воситалари ҳаракатини GPS орқали онлайн назорат қилиш имкони мавжуд. Бу эса газ қувурлари ва газ тақсимлаш пунктларининг техник ҳолатини доимий мониторинг қилиб бориш, авария ҳолатларининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Рақамли ечимлар ички иш жараёнларини тезлаштириш билан бирга, ҳисоботлар аниқлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, газ таъминотидаги узилиш ёки носозликларни бартараф этиш вақти сезиларли даражада қисқармоқда. Бу эса аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини узлуксиз ҳамда сифатли табиий газ билан таъминлаш имконини кенгайтирмоқда.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, Жиззах вилоятида жорий этилаётган мазкур рақамли тизим газ таъминоти соҳасини самарали бошқариш, ортиқча сарф-харажатларни камайтириш ва очиқликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/lueMFlcqGso" title="Jizzaxda gaz ta’minoti tizimi raqamlashtirilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат, видео), ЎзА