Жиззахда энг яхши оромгоҳлар аниқланди
Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги Уобсой қишлоғида жойлашган “Энергия” болалар оромгоҳида “Энг яхши оромгоҳ” кўрик-танловининг ҳудудий босқичи ўтказилди.
Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти томонидан ташкил этилган тадбирдан мақсад ёзги мавсумда болаларнинг мазмунли дам олишини таъминлаш, оромгоҳлардаги шароитларни янада яхшилаш, ходимларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда илғор тажрибаларни оммалаштиришдан иборат.

Танлов жараёнида оромгоҳларнинг фаолияти, болалар учун яратилган шароитлар, тарбиявий ишлар самарадорлиги, ходимларнинг касбий маҳорати ва замонавий ёндашувлар баҳоланди. Иштирокчилар ўртасида тажриба алмашишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Белгиланган мезонлар асосида ўтказилган баҳолаш якунига кўра, бешта асосий йўналиш бўйича ғолиблар аниқланди. “Энг яхши оромгоҳ” номинациясида Шароф Рашидов номидаги болалар оромгоҳи ғолиб деб топилди. “Энг яхши оромгоҳ директори” йўналишида шу маскан раҳбари Замира Тўйчиева, “Энг яхши катта тарбиячи” номинациясида Шароф Рашидов оромгоҳи ходими Нодирахон Ражапова, “Энг яхши етакчи тарбиячи” йўналишида “Энергия” оромгоҳидан Фарҳод Тойиров, “Энг яхши тўгарак раҳбари” номинациясида яна бир “Энергия” вакиласи Муҳайё Саидазимова, “Энг яхши раҳбар” йўналишида эса “Юлдузча” оромгоҳидан Чарос Эшмирзаева ғолиб бўлди.

Танлов нафақат энг яхши оромгоҳ ва ходимларни аниқлаш, балки болаларнинг соғлом ва мазмунли дам олишини ташкил этишдаги илғор тажрибаларни оммалаштиришга ҳам хизмат қилади.
Ҳудудий босқичда ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар “Энг яхши оромгоҳ” кўрик-танловининг кейинги босқичида Жиззах вилояти номидан иштирок этади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири