Жиззах халқаро рейтингда Ереван ва Конья шаҳарлари билан бир қаторга чиқди
"Fitch Ratings" агентлиги Жиззах вилояти рейтингини Тошкент шаҳри ва Фарғона вилояти кўрсаткичлари билан бир хил даражада баҳолади. Халқаро миқёсда вилоят Ереван ва Конья шаҳарлари билан тенг мақомга эга бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов маълум қилди.
2026 йил 16 октябрь куни эълон қилинган баҳолаш Жиззахнинг иқтисодий салоҳиятини халқаро мезонлар асосида намоён этди. Агентлик ҳисоботида вилоят Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган ҳудудларидан бири сифатида эътироф этилди. Иқтисодий ўсиш суръати мамлакат ўртача кўрсаткичидан юқори экани қайд этилди. Саноат ва қишлоқ хўжалиги эса иқтисодий тараққиётнинг асосий таянч тармоқлари сифатида баҳоланди.
Эътиборли жиҳати, Жиззахнинг рейтинги Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳри кўрсаткичлари билан бир хил. Халқаро қиёслашда эса вилоят Арманистоннинг Ереван шаҳри ва Туркиянинг Конья муниципалитети билан тенг даражада баҳоланган. Бу ҳудуднинг халқаро иқтисодий майдондаги ўрнини белгилашда муҳим кўрсаткичдир.

Вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи Зафар Азимов рейтингнинг амалий аҳамиятига тўхталди. Инвесторлар “Fitch Ratings” каби халқаро ташкилотларнинг хулосасига таянади, деди у.
Дарҳақиқат, халқаро рейтинг инвесторларга ҳудуднинг молиявий салоҳиятини мустақил баҳолаш имконини беради. Бу саноат корхоналарини жойлаштириш, экспортбоп ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва инфратузилма лойиҳаларига сармоя жалб этишда муҳим омилдир.

Жиззахда халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик аллақачон амалий натижалар бермоқда. Масалан, Осиё тараққиёт банки иштирокидаги “Шаҳарларни комплекс ривожлантириш” дастури доирасида 35,4 миллион доллар йўналтирилган. Маблағлар 2023-2027 йилларда Жиззах шаҳри инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилади.
Дастурнинг биринчи босқичида ичимлик суви ва оқова сув тармоқлари кенгайтирилмоқда. Жумладан, 49,4 километр ичимлик суви ва 14,1 километр оқова сув тармоғи барпо этиш белгиланган. Шунингдек, 12,5 километр магистраль сув қувури қуриш кўзда тутилган. Ички йўлларнинг 29,3 километри реконструкция қилинади.

Иккинчи босқичда сув таъминоти самарадорлигини оширишга 9,9 миллион доллар ажратиш режалаштирилган. Бу маблағлар сув таъминоти жараёнларини масофадан кузатиш ва бошқариш имконини берувчи SCADA (автоматлаштирилган назорат ва бошқарув) тизимини жорий этишга сарфланади. Шунингдек, лойиҳа 22 та махсус техника харид қилишга йўналтирилади. Чиқиндиларни йиғиш ва ташишда электр транспорт воситаларидан фойдаланиш ҳам назарда тутилган.
Яна бир йирик лойиҳа бешта туманда амалга оширилмоқда. Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида 2024-2032 йилларда 19,8 миллион долларлик ишлар бажарилади. Лойиҳа доирасида 83 километр цемент-бетон автомобиль йўллари қурилади.

Зафар Азимовнинг таъкидлашича, халқаро рейтинг бундай ҳамкорликни ривожлантиришда қўшимча имконият яратади.
Рейтингнинг яна бир муҳим жиҳати молиявий интизомни кучайтиришга туртки беришидир. Fitch ҳисоботида вилоятнинг риск профили “заифроқ” деб баҳоланган. Бу маҳаллий бюджет даромадлари ва харажатларини самарали бошқариш зарурлигини кўрсатади.

Хусусан, 2025 йилда трансфертлар вилоятнинг операцион даромадлари прогноз кўрсаткичларига кўра 51 фоизини ташкил этган. Солиқ тушумлари улуши эса 44 фоизга тенг бўлган. Демак, маҳаллий даромад манбаларини кенгайтириш молиявий барқарорликнинг муҳим шартидир.
Зафар Азимов бу борада халқаро рейтингнинг бошқарув жараёнларига таъсирини алоҳида таъкидлайди.
–Рейтинг бюджет жараёнларини бошқаришда ва молиявий интизомни кучайтиришга ёрдам беради,–дейди вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари.

Халқаро рейтинг шунчаки нуфузли кўрсаткич эмас. У ҳудуднинг иқтисодий имкониятларини намоён этиш билан бирга, мавжуд молиявий хатарларни ҳам очиб беради. Энди Жиззах олдидаги муҳим вазифа эришилган натижани инвестиция, янги иш ўринлари ва барқарор иқтисодий ўсишга айлантиришдир.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири